“Дарбанд” ЙПХ масканида карантин назорати маскани фаолияти ўрганилди

Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2026 йил 5 июндаги №283-8-0-Қ/26-сонли «Сурхондарё вилояти чегара масканларида фитосанитария карантини ва ветеринария назоратини кучайтириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вилоятда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, юқумли касалликларнинг ҳудудга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, ветеринария-санитария ҳамда фитосанитария талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, ички фитосанитария сертификатлари мавжудлигини назорат қилиш мақсадида Бойсун туманидаги “Дарбанд” ЙПХ масканида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимларидан иборат туну-кун фаолият юритувчи “Карантин назорати” маскани ташкил этилган.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерали Жўраев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан мазкур маскан фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида карантин назоратининг ташкил этилиши, транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фитосанитария назоратидан ўтказилиши, ички фитосанитария сертификатлари мавжудлиги ҳамда масъул ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, назорат тадбирларини амалдаги қонунчилик талаблари асосида самарали ташкил этиш, хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли масъулларга зарур топшириқ ва тавсиялар берилди. Шу жойнинг ўзида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Турапов ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаси вакилларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича маъруза қилди.







