Конституцияда экологик ҳуқуқлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида қуйидагилар қайд этилган:
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
Конституцияда кафолатланган экологик ҳуқуқларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Давлатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш юзасидан қатор ишлар амлга оширилмоқда.
Жумладан, 2025 йил атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили деб аталиши бунинг яққол мисолидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январ кунидаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги ПФ-16-сонли Фармони билан муҳим вазифалар белгилар берилди.
Фармоннинг 1-банди билан «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб қуйидагилар белгиланди:
маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;
табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;
«яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;
республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик «яшил энергия» станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда «углерод изи»ни камайтириш;
экологик барқарорликка йўналтирилган ҳудудлар ва тармоқлараро мувофиқлаштирувни таъминлаш.
Жойларда Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Кейинги йилларда ҳам Фармон ижроси давом эттирилаверади ва Ватанимизда янги боғлар яратиш, экологик вазиятни янада яхшилаш, мусаффо осмонимизни ва тоза ҳавони авайлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш давом эттирилаверади.
Ш.Қодиров
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди тергов судьяси




