Қотилликка сабабчи бўлган ота

Инсон ҳаётига қасд қилиш энг оғир жиноят. Қасддан одам ўлдириш жиноятининг объекти ўзга шахснинг ҳаёти ҳисобланади. Қонун ҳар қандай шахснинг ҳаётини, унинг ёши, жисмоний ҳолатидан қатъи назар, бир хилда ҳимоя этади. Шунинг учун ёшни ҳам, кексани ҳам, соғни ҳам, беморни ҳам ҳаётдан ҳуқуққа хилоф равишда маҳрум этиш одам ўлдириш деб эътироф этилади.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг 2025 йил
26 февраль кунидаги ҳукмига кўра, Анваров Алишер Алиевичга (исм-фамилялар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддаси 1-қисми билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Иш ҳужжатларига кўра, А.Анваров 2024 йил 16 октябрь куни соат
19:30 ларда Музработ тумани “Меҳригиёҳ” маҳалласи Алмопиш кўчаси
1-уйда яшовчи фуқаро Д.Салимовнинг яшаш хонадонига маст ҳолатда бориб, қизи А.Бердиева билан “ишқий муносабатда бўлиб юрганидан гумон қилиб ҳамда 12.10.2024 йилда қизи А.Бердиеванинг яшаш уйига кирганлиги, маҳаллада шарманда бўлган”лиги сабабли ундан ўч олиш ва қасддан ўлдириш мақсадида, ўзи билан бирга олиб келган пичоғи билан яшаш уйи ҳовлисида Д.Салимовнинг турмуш ўртоғи А.Махмудованинг кўз ўнгида Д.Салимовнинг кўкрак қафасига ва қорин соҳасига икки маротаба санчиб олиб, Д.Салимовнинг ҳаёти учун хавфли бўлган турдаги тан жароҳатларини етказган ҳамда воқеа жойидан яширинган.
Натижада Д.Салимов оғир тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Д.Салимов вафот этган.
РСТЭИАМ Сурхондарё филиали Музработ пунктининг
25.10.2024 йилдаги 32-сонли хулосасида, марҳум Д.Салимовнинг ўлимига кўкрак қафаси ва қорин бошлиғига тешиб ўтувчи санчма-кесма жароҳатлари, юракнинг ўнг бўлмачаси ва чап ўпка юқори бўлагининг санчиб кесилган жароҳатлари сабаб бўлганлиги, ушбу жароҳатлар ўлимдан олдин олинган бўлиб, мазкур ўлим содир бўлиши билан тўғридан-тўғри боғлиқлиги ҳамда ўткир санчувчи-кесувчи жисмнинг икки маротабалик зарби таъсирида келиб чиққанлиги, ушбу жароҳатларни оғирлик даражасига кўра ҳаёт учун хавфли бўлган “оғир” турдаги тан жароҳатлари деб баҳоланганлиги кўрсатилган.
Судланувчи А.Анваровнинг ҳимоячиси адвокат С.Турдиев билан биргаликдаги шикоятида, қилмишини Ўзбекистон Республикаси ЖК
97-моддасининг 1-қисмидан шу Кодекс 104-моддаси 3-қисмининг “д” бандига қайта квалификация қилиб, ЖК 57-моддасини қўллаб, енгиллик беришни сўраган.
Судланувчи А.Анваровнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби ўзининг қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, ашёни олиш, таниб олиш учун кўрсатиш, айбланувчининг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомалари, суд тиббиёт, судга оид биологик, криминалистик экспертизалари хулосалари, марҳум жабрланувчининг қонуний вакили А.Махмудова ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган ва суд муҳокамаси жараёнида текширилган бошқа объектив далиллар мажмуи билан тўлиқ исботланган.
Шу сабабли, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 03.06.2025 йилдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Яшашга бўлган ҳуқуқни ўзгача тарзда чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Конститутциямизнинг 25-моддасида, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади, деб кўрсатилган.
Вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Б.Нормуродов




