Касбим-фахрим

ҒАЛЛА ЭКИЛГАН МАЙДОНЛАР ДОИМИЙ НАЗОРАТДА

Айни паллада ғалла майдонларида иш қизғин паллага кирган. Туманларда бошоқли дон экинларининг занг ва бошқа касалликлари, бегона ўтлари ва зараркунандаларининг тарқалишини олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.  Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов бошчилигида ҳудудларда кенг қамровли ўқув–семинарлар  ва йиғилишлар ўтказилмоқда.

Термиз ва Жарқўрғон туманларида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ҳам Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлигининг “Долзарб 40 кунлик” тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги  буйруғи асосида воҳада олиб борилаётган ишлар  ҳақида сўз борди. Соҳа мутахассислари, туман фитосанитар карантин инспекторлари, фермерлар иштирок этган йиғилишда  вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари томонидан юқоридаги топшириқ асосидаги  ишлар  уюшқоқлик билан ўтказилаётганлиги, айниқса, агротехник тадбирлар ўз вақтида  бажариш, менерал ўғитлар ва фунгицидлардан тўғри фойдаланиш, мониторинг ва эрта диогностика   ғаллачиликда юқори ҳосилдорлик гарови эканлиги таъкидланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш муҳимки, Сурхондарё вилоятида 2026 йил ғалла экини мавсуми учун жами 84 676 гектар ғалла экилиб парвариш қилинмоқда.  Бугунги кунга қадар вилоятда занг ва бошқа касалликларга қарши 123 минг гектар, зараркунандаларга 88,9 минг гектар, бир йиллик икки паллали бегона ўтларга 103,4 минг гектар, кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга 43,8 минг гектар ҳамда бир йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши 106,4 минг гектар майдонларда профилактик кимёвий ишловлар ўтказилди.

Бироқ сўнгги кунларда кузатилаётган нам ва илиқ об-ҳаво занг касаллигининг кескин кўпайиб кетиши хавфини оширмоқда. Соҳа олимлари хулосасига кўра, ўз вақтида ғалладаги занг ва бошқа зарарли организмларга қарши кимёвий кураш ўтказилмаслиги оқибатида ҳосилнинг камида 35-40 фоизи йўқотилишига сабаб бўлади. Занг касаллигининг споралари 12-15 °C (градус) ҳароратда кенг майдонларда бир суткада 5 км дан 1000 км гача масофага тарқалиши илмий тасдиқланган.

Республика ишчи гуруҳи ва соҳа олимлари томонидан ғалла майдонларининг дала четларида сариқ ва қўнғир занг касалликлари эрта аниқлаш бўйича кунлик мониторинг кузатувларни ўтказиб келмоқда.

Ғалла экинларида занг касалликлари ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига жиддий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу касалликларга қарши курашишда комплекс ёндашув-чидамли навлардан фойдаланиш, агротехник чораларни тўғри ташкил этиш, мунтазам мониторинг ва кимёвий ҳимоя тадбирларини биргаликда қўллаш юқори самарадорликни таъминлайди. Замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва илмий асосланган ёндашувлардан фойдаланиш орқали занг касалликларининг салбий таъсирини минималлаштиради.

Карантин агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Агрокўмакчи”  мобил иловасининг онлайн “Башорат” тизимидаги касалликлар бўлимида сариқ ва қўнғир занг касалликларини 10 кун олдиндан аниқлаб бериш имконияти яратилган.  Бир сўз билан айтганда ғалладан мўл ҳосил етиштирсак, дон ишлаб чиқариш кўпаяди, озиқ-овқат маҳсулотлари арзон бўлади. Халқимиз фаровонлиги янада ошади.

Усмон Туропов

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи

Related Articles

Back to top button