Бу қизиқ

Жиноятчиликка қарши курашиш ва профилактика тизимини такомиллаштириш – ҳуқуқий ислоҳотларнинг устувор йўналиши

Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамиятни барпо этиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш мақсадида жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу йўналишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

         Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 15 апрелда қабул қилинган бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2025 йил 4 сентябрда маъқулланган. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада самарали ташкил этиш ва бу соҳадаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган.

         Қонуннинг асосий мақсадларидан бири маҳкумлар ва илгари ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат. Хусусан, бундай шахсларни ахлоқан тарбиялаш, уларни жамиятга мослаштириш ва ижтимоий ҳаётга қайта интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса жиноят содир этган шахсларнинг тўғри йўлга қайтишига кўмаклашиш ҳамда улар томонидан такроран жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

         Шунингдек, мазкур қонун доирасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактик чора-тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда замонавий ёндашувларни жорий этиш назарда тутилган. Бу орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ташкилотлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эришилади.

         Айни пайтда, қонун нормалари жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Чунки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат жазо чораларини кучайтириш билан эмас, балки профилактика ишларини самарали ташкил этиш орқали амалга оширилиши мумкин.

         Умуман олганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадам ҳисобланади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судьяси

Туранов Кахрамон Холназарович

Related Articles

Back to top button