Бу қизиқ

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

Шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши оқибатида судланиб, ҳукмни ижро қилиш жараёнида шахс ўзининг хулқини етарли равишда назорат қилиши, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши, қилган ишидан пушаймонлигини тушуниб етган тақдирда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишнинг асосларини кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин. Шахс ижро этилмаган қўшимча жазодан ҳам озод қилиниши мумкин.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;

б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини;

в) ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан уч қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.

Жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:

а) умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсга;

б) ўта хавфли рецидивистга;

в) уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига;

г) жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик ёки унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик ёки сақлаганлик, Ўзбекистон Республикасига, тинчликка ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этганлик, ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, контрабанда қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга;

д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:

а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;

б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;

в) муайян жойларга бормаслик;

г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;

д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.

Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, судлар маҳкумни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишда содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги, жазони қисман ўтагани, қилмишидан пушаймонлиги ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, маҳкумга тайинланган жазодан шартли равишда озод қилади.

Вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси                                                        

Б.Нормуродов

Related Articles

Back to top button