Ўзбекистон

Сурхондарёдаги иккита корхона «Global G.A.P» халқаро сертификатига эга бўлди

Global G.A.P. — қишлоқ хўжалиги ва аквакултура соҳаларида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартлар тизими бўлиб, 100 дан ортиқ мамлакатларда қўлланилади ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал ташаббус (ГФСИ) томонидан тан олинган. Қувонарлиси Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари сони ортмоқда. Воҳада фаолият олиб бораётган «Денов Агростар» ва «Браво Агро Цитрус» МЧЖ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  мазкур халқаро сертификатга лойиқ деб топилди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан махсус сертификатлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тадбирда маҳсулот сифати ва экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро бозор талабларига мос ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада мутахассислар фикри тингланди, тадбиркорлар тажрибаси ва ютуқлари эътироф этилди.

— Кўплаб хорижий компаниялар учун  GlobalG.A.P  сертификатининг мавжудлиги агромаҳсулот билан савдо қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, — деди вилоят ҳокими. —  Халқаро чакана савдо тармоқлари ва супермаркетлар сифати халқаро стандартлар томонидан тасдиқланган маҳсулотларни харид қилишга қизиқиш билдиришади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида кузатилаётган кескин рақобат шароитида GlobalG.A.P. сертификатининг мавжудлиги етиштирилган маҳсулот барча талабларга мос келишини тасдиқлайди, бу ўз навбатида истеъмолчиларнинг содиқлиги ошиши ҳамда савдонинг ўсишига хизмат қилади.

Шунингдек, «Олтинсой бизнес магнат» МЧЖ томонидан 10 гектар майдонда барпо этилаётган энергия тежамкор лимончилик иссиқхонаси фаолияти билан ҳам танишилди. Айни вақтда иссиқхонада лимон кўчатлари экилган бўлиб, тадбиркор ердан самарали фойдаланиш мақсадида кўчат ораларига томчилатиб суғориш асосида картошка ҳам етиштирмоқда. Вилоят раҳбари тадбиркорга амалий тавсиялар бериб, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳани ривожлантириш учун барча зарур кўмаклар кўрсатилишини таъкидлади.

Related Articles

Back to top button