Ўзбекистон

Жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилади

Жиноят процессида шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан бирга, қонуний тартиб-интизомни мустаҳкамлаш мақсадида янги қонун (ЎРҚ–1081-сон, 15.08.2025 й.) қабул қилинди. Ушбу қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, мажбурлов чораларини қўллаш тартиби янада такомиллаштирилди.

Янги тартибга кўра, эндиликда суд томонидан айрим шахсларнинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланиши мумкин. Бу чора гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган ҳолларда, аммо улар мамлакатдан чиқиб кетиб, суддан узрли сабабсиз бўйин товлаш эҳтимоли мавжуд бўлганда қўлланилади.

Қонунга мувофиқ, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин. Илтимосномада ушбу мажбурлов чорасини қўллаш зарурлиги асослаб берилиши шарт. Судга тақдим этилган илтимоснома материаллари келиб тушган пайтдан эътиборан 8 соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Судья илтимосномани кўриб чиқиб, Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ёки уни рад этиш тўғрисида ажрим қабул қилади. Қабул қилинган ажрим устидан эса 48 соат ичида шикоят берилиши ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Ушбу қонун жиноят процессида адолатни таъминлаш, айни пайтда шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига асоссиз аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки унда фақат зарур ҳолларда ва суднинг назорати остидагина чиқиш ҳуқуқини чеклаш мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қабул қилинган қонун: Жиноят процессида қочиб кетиш ҳолатларини олдини олишда муҳим восита бўлади.

Суд назорати остида фуқароларнинг ҳуқуқлари қонуний тарзда муҳофаза этилади.

Айбланувчи ёки гумон қилинувчи асоссиз равишда қамоққа олинмасдан, лекин унинг мамлакатдан чиқиб кетишига чек қўйиш имкони яратилади.

Қонун қонунийлик ва адолатни таъминлашда ҳамда жиноят ишларини самарали юритишда катта аҳамият касб этади.

Демак, ушбу ўзгаришлар нафақат давлат манфаатларини, балки шахс ҳуқуқларини ҳам мувозанатда таъминлашга қаратилгани билан жуда муҳимдир.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судяси

Туранов Қаҳрамон Холназарович

Related Articles

Back to top button