Бу қизиқ

Гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш-жиноятдир

Маълумки, гиёҳванд моддалар ва гиёҳвандлик инсониятни таназзулга юз тутишига сабаб бўладиган, жамиятни емирадиган хатарли иллатлардан бири ҳисобланади.

Қонунчилигимизда, тақиқланган экинларни етиштириш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддасида, тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Яъни, ушбу моддада, “Тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) илгари гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) ўртача катталикдаги экин майдонида содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) ўта хавфли рецидивист томонидан;

б) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб;

в) катта экин майдонида содир этилган бўлса, —

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб белгиланган.

Бундай қилмишлар учун қонунчиликда жавобгарлик борлигини ва жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button