Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва замонавий ислоҳотлар, ЎРҚ-1067-сонли янги Қонуннинг аҳамияти

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу жараённинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 9 июнь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1067-сонли Қонун муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу Қонун орқали мамлакатимизда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд ишлари юритилишининг шаффофлигини ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш кўзда тутилган.
Қонуннинг қабул қилиниши замирида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган қатор муҳим нормалар мужассамлашган:
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги устувор қадрият сифатида эътироф этилди;
Олий суднинг мақоми ва ваколатлари қайта кўриб чиқилди ва аниқ белгилаб қўйилди;
Судлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу жумладан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилди.
Қонун билан суд ҳокимияти фаолиятига оид қатор Қонун кодекслари ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳақидаги нормалар — унинг фақат юқори инстанция сифатида эмас, балки суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантирувчи ва методик раҳбарлик қилувчи марказ сифатидаги мақоми мустаҳкамланди.
2. Судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилди — суд муҳокамаларида адолатли ва холис ёндашув кафолатлари мустаҳкамланди.
3. Судьялар мақоми ва кафолатлари кучайтирилди — уларнинг ваколатлари, мажбуриятлари, масъулияти, мустақиллигини таъминлашга қаратилган нормалар киритилди.
4. Суд ишларини юритиш тизими замонавийлаштирилди — рақамлаштириш, масофавий муҳокамалар ўтказиш имкониятлари кенгайтирилди.
5. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатлари оширилди — судларда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг процессуал механизмлари қайта кўриб чиқилди.
Шунингдек, 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятига оид илгариги таҳрирда мавжуд бўлмаган қатор нормалар киритилган:
Судлар мустақиллигини ҳеч бир давлат органи, мансабдор шахс ва шахсий манфаатлар билан чеклаш мумкин эмаслиги;
Судлар фақат Конституция ва қонунларга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши шартлиги.
Бу конституцион нормаларнинг амалда татбиқ қилиниши айнан мазкур Қонун орқали ҳуқуқий кафолатланмоқда.
Айтиш жоиз ки, қабул қилинган ЎРҚ-1067-сонли Қонун нафақат судлар фаолиятининг такомиллашуви, балки мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Ушбу қонун билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларининг ишончли ҳимояси учун ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди.
Шу орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги, холислиги ва фуқаролар ишончи мустаҳкамланишига замин яратилди.
Бу эса «Янги Ўзбекистон» тараққиёт стратегиясининг муҳим мақсадларидан биридир.
Сурхондарё вилоят судининг судяси
Рахимов Сохиб Хайитмуротович



