Касбим-фахрим

Одил судловни амалга оширишда тортишув принципи ва унинг бошқа принциплар билан алоқадорлиги

Тортишув принципининг якка ўзи холисона ва адолатли одил судловни амалга оширишни таъминлаш учун етарли бўлмайди. Агар жиноят процессида тортишув принципини мустаҳкамловчи, уни тўлдирувчи ва унга пойдевор бўлувчи бошқа муҳим принциплар мавжуд бўлмаса, у ҳаракатсиз, қуруқ шиорга айланиши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 2-боби «Жиноят процесси принцилари» деб номланиб, унда жами ўн етти принцип расмий тарзда  эътироф этилган ва фақат уларнинг ягона тизими холисона ва қонуний одил судлов юритишни тартибга солди.

Тортишувга бевосита алоқадор қонунийлик принципи ЖПКнинг
11-моддасида ўз аксини топиб, унда суд, прокурор, терговчи, суриштирувчи ва ҳимоячи ҳамда жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жиноят ва жиноят процессуал ҳуқуқи муносабатларини тартибга солувчи қонунларга аниқ риоя эитшлари ва уларни тўғри бажаришлари шартлиги белгилаб қўйилган.

Қонунийлик принципи умумҳуқуқий принцип сифатида, жамиятни давлат томонидан бошқарилишининг, давлат маҳкамаси ва фуқаролар фаолиятининг ҳамда ҳуқуқни тартибга солишнинг муҳим услубларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, қонунийлик принципи умумҳуқуқий принципнинг узвий қисми сифатида жиноят процессида ҳам процесс ишитрокчиларининг ҳам қоунунларга бўлган тўғри муносабатларини ҳамда ҳуқуқни ҳурмат қилишни таъминловчи барча воситалар тизимини ўз ичига олади. Бу воситалар моддий ва процессуал ҳуқуқий нормаларни ғайриқонуний қўлланганлиги учун санкциялар белгиланганлигида ва моддий-ҳуқуқий нормалар тўғри қўлланишини кафолатловчи турли процессуал қоидаларда намоён бўлади.

Тортишув принципининг асосий таркибий қисмини белгиловчи яна бир муҳим принцип — одил судловни фақат суд томонидан амалга оширилишидир (ЖПКнинг 12-моддаси). Конституциявий тушунчага эга бўлган мазкур принцип айблов, ҳимоя ва ишни ҳал этиш функцияларини қатъий чегараланганлиги,  ишни ҳал этишда айблов ва ҳимоя функциялари суддан ажратилганлигини ифода этади.

Одил судловнинг асосий мазмуни — шахсни жиноят содир этишда ёки ҳуқуқий қоидаларни бузганликда айбдор эканлигини белгилаш, унга нисбатан давлатнинг мажбурлов ҳамда жазо чораларини қўллаш ёхуд шахснинг жиноий қилмишда айбсиз эканлигини ҳам аниқлашни англатади. Айблов ва ҳимоя тарафлари суд олдида ўзларининг даъволари тўғри, қарши тарафнинг даъвоси нотўғри эканлиги масаласида ҳуқуқий тортишувга киришадилар.

Суд жиноят ишининг муҳокамасида  процесснинг бошқарувчиси сифатида бошқа иштирокчиларига нисбатан мустақил, айблов ва ҳимоя функцияларидан, ташқи таъсирлардан холи бўлиб, фақат ишнинг ҳал этиш функциясини амалга оширади. В.В. Побережний таъкидлаганидек, «…тарафларнинг тортишувга асосланган суд муҳокамаси одил судловни амалга оширишда судьялар мустақиллигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Тарафларнинг судга таъсир этишлари фақат уларнинг тақдим этилган далилларнинг асосли эканлигига судни ишонтиришдан иборат бўлмоғи лозим».

Жиноят процессининг мақсади иш бўйича айнан ҳақиқатни аниқлаш экан, суднинг мустақиллигини таъминлаш ушбу мақсадга эришишнинг энг зарурий шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, фақат мустақил судгина тарафларнинг  процессуал тенглигини таъминлаши, тақдим этилган далилларга холисона бахо бериши, иш бўйича қонуний, Асосланган ва адолатли қарор қабул қила олади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман  суди девонхона мудири                                                                                 

Н.Бўриев                                                                                          

Related Articles

Back to top button