Жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликка оид нормалар такомиллаштирилди
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлаш кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси томонидан айрим хорижий давлатлар билан озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш ва бериш тўғрисида халқаро шартномалар тузилган.
Шу муносабат билан бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асосларини, шунингдек суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақомини тартибга солувчи нормаларни назарда тутувчи қоидаларни белгилаш зарурияти юзага келди.
Айни шу масалада Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1009-сонли Қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, хусусан, ЖПК 542-моддасининг номи ва биринчи қисми янги таҳрирда баён этилди ва унда ҳукмни, ажримни ва қарорни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби белгиланган бўлиб, ҳукмни, ажримни ва қарорни ижро этиш тўғрисидаги масалалар судья томонидан прокурор ҳамда маҳкум иштирокида, ушбу Кодекс 613-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда эса маҳкум ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс иштирокисиз суд мажлисида ҳал қилинади. Маҳкумнинг ушбу Кодекс 532-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари таъминланади. Судья вояга етмаган, шунингдек жисмоний нуқсонлари бўлган ёки руҳий ҳолати бузилган маҳкумларга доир ҳукмларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётганида ҳимоячи иштирок этиши шарт ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олишни ҳамда хорижий давлатга беришни назарда тутувчи янги 66-боб билан тўлдирилди.
Шунингдек озодликдан маҳрум этилган шахсларни ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми белгилаб берилди.
Хусусан, киритилган мазкур қўшимча ва ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 66-боби 610-623-моддаларни ўз ичига олган бўлиб, ЖПКнинг 610-моддасида қайд этилишича, хорижий давлат судининг қарори ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин:
- хорижий давлатда озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган ва жазони ўтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси — жазони Ўзбекистон Республикасида ўташни давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
- хорижий давлат ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан хорижий давлат судининг тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлса, — мажбурий даволашни Ўзбекистон Республикасида давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
- хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилиниб, жазони ўтамаган шахс хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасига ушлаб берилганда;
- хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини хорижий давлатга ушлаб бериш рад этилганда;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Хулоса қилиб айтганда, Ушбу Қонун хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини кучайтиришга, миллий қонунчиликда озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ва бериш тартибининг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантиришга ҳамда уларга белгиланган жазони ўз давлатида ўташ имкониятини бериш орқали ижтимоий реабилитация қилинишини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси О.Эргашев