СЕНАТ ТОМОНИДАН СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ БАРЧА АЪЗОЛАРИНИ САЙЛАШ ТИЗИМИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАНИ СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Тошкент шаҳрида 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Маждисда Президент Сенат олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш зарур. Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим.
Иккинчидан, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши керак. Маълумки, энди халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилади. Шунингдек, Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади. 2026 йилдан бошлаб туман ва шаҳар Кенгашларига ҳам ҳокимлар раислик қилмайди.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.
Учинчидан, маҳаллий Кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, айниқса, туман ва шаҳар бўлинмалари билан жойларда янгича ёндашув асосида ишлаши талаб этилади.
Туман ва шаҳарлар бюджети муносабатларида ҳам маҳаллий кенгашлар жуда катта ваколатларга эга. Бундан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиш, Сенат эса бу йўналишларда маҳаллий кенгашларга кўмаклашиб бориши зарур.
Тўртинчидан, янгиланган Конституциямизда Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юклатилган. Сенат бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши керак.
Бешинчидан, Сенат қўмиталари – юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучидир. Шу боис, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди.
Олтинчидан, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастур ва режаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки жуда муҳим.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини, бутун жамиятимиз иштирокини янада кучайтириш зарур. Сенат аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, ёш авлод онгига қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак.
Саккизинчидан, Сенат томонидан Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Бунда Сенат фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланмай, уларнинг фаолияти билан танишиб, хулоса бериш амалиётини йўлга қўйиш зарур.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси
Зухриддин Абдимуратов