ШОЛИЧИЛИКДАГИ ИМКОНИЯТЛАР КЎЛАМИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурудаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 2024-йил 5-сентабрдаги топшириқ хатининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.08.2024-йилдаги “Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-290-сон қарорининг мазмун-моҳияти ўрганилди.
Семинарни бошқарма бошлиғи У. Турапов сўзга чиқиб, ҳар бир ходим янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятининг мунтазам равишда ўстириб бориш давр талаби эканлигини таъкидлади.
Юқоридаги кун тартибидаги масала юзасидан бошқарма бош юрисконсулти О. Имамов сўзга чиқиб,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.08.2024-йилдаги “Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги шоличилик соҳаси билан шуғулланаётган ер эгаларига катта имкониятлар эшигини очганлигини айтиб ўтди. Маълумки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва республикада озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг кенгайиши сувни кўп истеъмол қиладиган экинларни етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш заруратини юзага келтирмоқда. Республикада шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлашнинг узлуксиз ва самарали тизимини жорий этиш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шунингдек, соҳада илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш мақсадида узлуксиз ишлар қилиниши қарорда кўрсатиб ўтилган,- деди маърузачи
Унга кўра, 2024-йил 1-сентабрдан бошлаб фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга шоли етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 15-декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади. Бунда шоли харид қилиш бўйича шартномалар шоличилик кластерлари билан фермер хўжаликлари ўртасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Aгроплатформа” ахборот тизими орқали тузилади. 2025-2026-йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан шоли экиш учун харид қилинган ва ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизи Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади. Яна бир энг муҳим жиҳатшуки, Хоразм вилоятида шоли етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан уларга қуйидаги қўшимча субсидиялар ажратилади, шоли етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир гектар учун умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун маблағ ажратилади. Шунингдек, шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда уруғчилик марказларида юқори авлодли уруғликни кўпайтириш йўлга қўйилади ва уруғчилик марказлари юқори авлодли уруғликларни карантин назоратидан ўтказилган хорижий компаниялардан ёки Шоличилик илмий-тадқиқот институтидан қабул қилади ва кўпайтиришни ташкил этади. Уруғчилик марказларига шолининг элита авлодли уруғчилигини етиштириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади. Уруғчилик марказлари томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан Филиппин Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида доимий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда, шолининг шўрга, қурғоқчиликка чидамли эртапишар линиялар ва халқаро стандартларга мос навлар уруғларини олиб келиб, Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида мунтазам синовлар ўтказилишини йўлга қўйилади.
Семинарда ходимлар томонидан қарор ижроси тўғрисидаги бир нечта саволлар ўртага ташланди. Саволларга маърузачилартомонидан кенг ва атрофлича жавоб берди.
Отажон Имамов
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юристконсулти