Ўзбекистон

Суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиликлар

Маълумки, 2024 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сон Фармони қабул қилинди ва ушбу Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш,  тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш назарда тутилган.

Ушбу Фармон билан жорий этилаётган тергов судьялари ваколатига ўтказилаётган муҳим ваколатлардан бири ҳақида тўхталамиз.

Яъни, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш назарда тутилмоқда-ки, ушбу ўзгартириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Амалдаги тартибга кўра, жиноят ишларини судда кўриш жараёнида суд мажлисининг давомийлиги қанча вақтни ташкил қилишини олдиндан билиб бўлмаслиги сабабли жиноят ишлари кўрилаётган вақтда судья судга келиб тушган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тезкорлик билан кўриб чиқишга амалда эриша олмаётган эди. Бу эса ўз навбатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича келган фуқароларни суд жараёнлари тугашини кутиб туришларига сабаб бўлаётган эди.

Айнан ушбу ҳолатга барҳам бериш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида юқоридаги Фармонда ушбу ўзгартиришлар назарда тутилди.

Албатта, ушбу ўзгартиришлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

М.Маликов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button