Ўзбекистон

Давлатимиз раҳбари раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

Барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам иқтисодиётни тез ўстиришга замин туғдирадиган драйвер йўналишларда инвестиция, иш ўрни, экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўтган даврда Қорақалпоғистонда 1,4 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига 150 та лойиҳа ишга тушди. Тадбиркорлар 12 мингдан 25 мингга, тижорат майдонлари 1,5 миллион квадрат метрга кўпайиб, 212 минг одам доимий ишга жойлашди.

Қорақалпоғистонда бизнес ва инвестиция учун қулай муҳит, даромад топиш учун янги-янги имкониятлар пайдо бўлди.

Масалан, фаолиятини микро-лойиҳадан бошлаган 13 минг тадбиркор кичик бизнесга, яна 351 таси ўрта бизнесга ўтди. Йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори тадбиркорлар 43 тага етди.

Давлат дастурлари доирасида йўл, сув, ижтимоий объектлар қурилиши ва маҳалла инфратузилмасига 11 триллион сўм ажратилди. Хусусан, боғча қамрови 28 фоиздан 84 фоизга ошди. Янги 21 та мактаб қурилди, яна 243 таси тўлиқ таъмирланди.

Илк марта 700 ўринга мўлжалланган 17 қаватли IT-парк қурилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида икки йил ичида 40 мингга яқин қорақалпоғистонлик ёшлар ўқитилди.

Туман ва шаҳарларда 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пунктлари ишга тушди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди. Ўтган даврда тиббиёт муассасаларига 300 миллиард сўмлик 1,5 мингдан зиёд асбоб-ускуналар етказилди, йил якунигача яна 141 миллиард сўмлик тиббий анжомлар берилади.

Яқин-яқингача ўз уйига мулк ҳуқуқи бўлмагани учун 100 мингдан ортиқ аҳоли қийналиб келаётган эди. Бу муаммо ҳал бўлиб, 27 мингта хонадонда яшовчи фуқароларнинг уй-жойига бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди.

Қорақалпоғистонда Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ажратилди.

Осиё тараққиёти банкидан жалб қилинган 274 миллион доллар ҳисобидан “Бухоро – Нукус – Бейнов” йўналишидаги 240 километр магистрал йўл яқин кунларда ишга тушиши маълум қилинди.

Оролбўйидаги иқлим шароитини яхшилаш бўйича ҳам жуда катта дастур бошланган. Сўнгги етти йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион гектарда ўрмонзорлар барпо этилди. Натижада, ҳудуднинг ўрмон билан қопланиш даражаси 19 фоиздан 35 фоизга етди.

Экотизимни яхшилаш, шўрланган, сувсиз муҳитда янги нав ва уруғларни яратиш учун Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.

Яқинда тасдиқланган қишлоқ хўжалигини иқлимга мослаштириш дастурига кўра, Оролбўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 миллион доллар берилади.

Related Articles

Back to top button