Ўзбекистон

БОШ ҚОМУСИМИЗ — КОНСТИТУЦИЯ

Бизга маълумки, 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири қабул қилинди.

Янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Бош асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат устувор принципларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 08 май кунидаги Фармони асосида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича давлат органлари ҳамда ташкилотлари олдида турган биринчи галдаги вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, мазкур Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари, хусусан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан уни қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

Фармонда янги таҳрирдаги Конституцияни амалда рўёбга чиқариш ва қонунчиликнинг унга зид қоидаларини бекор қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар ҳам назарда тутилган:

-эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш бўйича Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш (Конституциянинг 32-моддаси);

-мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясига, банк операцияларининг сир тутилишига оид конституциявий кафолатларни таъминлаш мақсадида тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш тартибини бекор қилиш (Конституциянинг 41-моддаси);

-тадбиркорлик фаолияти эркинлигига оид нормаларни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида ҳар қандай турдаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловларни бекор қилиш (Конституциянинг 65–67-моддалари);

-фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божини олдиндан ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 55-моддаси);

-ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш (Конституциянинг21-моддаси);

-фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар, фарзандининг мактабгача, мактаб ва олий таълим ташкилотида таълим олиши учун тўловни солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш (Конституциянинг 50-моддаси);

-ҳуқуқбузарликдан жабрланганларга етказилган зарар қопланишида давлатнинг конституциявий мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида жиноятдан жабрланганларга кўмаклашишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш (Конституциянинг 29-моддаси);

-шахсий дахлсизликка бўлган конституциявий ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 26-моддаси);

-адвокатларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини тўлақонли реализация қилиш, жиноят процессида унинг ваколатларини прокурор билан тенглаштириш (Конституциянинг 142-моддаси);

-давлатнинг болаларда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини амалга ошириш мақсадида 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига тўловсиз кириши тартибини жорий этиш (Конституциянинг 78-моддаси).

Бундан ташқари, қонуности ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва Конституцияга зид нормалар, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи нормалар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Related Articles

Back to top button