Ошиб бораётган жиноятлар хусусида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида, “Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.
Сўнгги вақтларда, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бормоқда.
Хусусан, фуқаро Қобилов Даврон (исм, фамилияси ўзгартирилган) “KIA” русумли автомашинани қайта сотиш ҳуқуқи бўлмаса-да, Узун туманида яшовчи фуқарони алдаб, унга автомашина ўзига тегишли эканини, барча ҳужжатларини кейин расмийлаштириб беришини айтиб сотиб, ундан дастлаб 60.000.000 сўм пул олиб, қолган пулларни 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашига келишиб, орадан 1 ҳафта ўтгандан сўнг харидор автомашина носозлиги сабабли пулларини қайтаришини сўраганида унга автомашинани сотиб пулини қайтаришини айтиб, алдов йўли билан автомашинани қайтариб олгандан сўнг ҳақиқий эгасидан бошқа автомашинага алмаштириб, харидорга 60.000.000 сўм пулини қайтармасдан, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Суд ҳукмига кўра, Д.Қобиловга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов