Ўзбекистон

Тергов судьялари: «икки қутб» ўртасидаги адолат тарозиси

Тергов жараёнларидаги турли қонунбузилишларнинг олдини олиш учун терговчи ва айбланувчи (гумонланувчи) ўртасида турадиган холис процессуал мавқега эга, мустақил мансабдорнинг пайдо бўлишига зарурат бор эди.

Шу йил 10 июнь куни давлатимиз раҳбарининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда белгиланган тергов судьясининг жорий этилиши суд-ҳуқуқ тизимида янгилик бўлди. Яъни, мамлакатимизда 2025 йил 1 январдан жиноят-процессуал қонунчилигида тергов судьяларининг жорий этилиши белгиланди. Бу, сўзсиз судга қадар тергов жараёнларида инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта имкониятлар яратади.

Фармонга мувофиқ, тергов судьялари қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш ҳамда гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ва юқоридаги процессуал чеклашларга рухсат бериш каби ваколатларга эга бўлади.

Умуман олганда, тергов жараёнларидаги турли қонунбузилишларини олдини олиш, терговда инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш борасида судга қадар бўлган жараёнга судьянинг “аралашуви” лозимлиги анчадан буён кутилаётган эди. Чунки терговчи ва айбланувчи (гумонланувчи) ўртасида турадиган холис процессуал мавқега эга, мустақил мансабдорнинг пайдо бўлишига зарурат бор.

Қонунларга мувофиқ, прокурор жиноят процессида катта мавқега эга. Жумладан, прокурор дастлабки тергов ва суриштирувда процессуал раҳбар бўлиш билан бирга, ушбу жараёнларда қонунларга риоя этилишини назорат этувчи мансабдор ҳам саналади. Бундай ҳолда, яъни ўзи терговга раҳбарлик қиладиган мансабдор қандай қилиб унинг объектив, яъни холисона олиб борилишини назорат қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар ва жамоатчилик томонидан ҳамиша эътирозлар мавжуд.

Бугунги кунда, юртимизда шахсни қамоққа олишга рухсат, яъни санкциялар судлар томонидан берилмоқда. Ва сир эмаски, аксарият ҳолларда прокурорлар томонидан киритилган илтимосномалар қаноатлантирилади ва бу ўйлаймизки, тергов устидан суд назоратининг пастлигини кўрсатади.

Умуман олганда, жиноят иши бўйича қамоққа олишга рухсат берган судья кейинчалик ушбу ишни кўрганда қамоқдаги шахснинг айбдор эканлигига алохида урғу беради. Чунки судья қамоққа олишга рухсат бериш жараёнида шахснинг жиноят содир этганига ва унинг айбдорлигига ички ишонч ҳосил қилган бўлади. Бу жараён замонавий психология томонидан исбот этилган.

Яна бугунги кун судьялари учун муаммо бўлаётган бир ҳолат бор. Хусусан, жиноят ишларини судларда мазмунан кўриш жараёнида, судланувчилар дастлабки терговда уларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилгани, босим ўтказилганидан шикоят қилиб, уларни айблаш учун асос бўлган далиллар ноқонуний тўпланганини маълум қилиб, ушбу далилларни айбловдан чиқаришни талаб қилишади. Ушбу ҳолатлар судья учун анча “бош оғриқ” бўлиши ҳеч кимга сир эмас, негаки судда ушбу важларини текшириш имконсиз, экспертиза тайинлаш ёки бошқа йўллар билан далиллар тўплашни, келтирилган важларни текширишнинг имкони йўқ. Сабаби, орадан анча вақт ўтиб кетган, шунингдек, судья томонидан тергов ёки суриштирув органига ишонмасликка етарли асослар ҳам бўлмайди.

Тергов судьяси — айблов томони билан оқловчи ўртасидаги ҳакам

Бугунги кунда фуқаролар томонидан энг кўп шикоят айнан тергов идоралари устидан берилмоқда ва ушбу орган устидан доимий назорат ўрнатилиши, катта эътибор қаратилиши лозим. Чунки тергов ва суриштирувда бўладиган қонунбузилишлар нафақат суд-ҳуқуқ соҳасидаги камчилик, балки жамоатчилик учун ҳам катта ташвиш келтириши, жамиятга-да жиддий салбий таъсир этиши муқаррар ҳолдир. Тергов судьяси эса юқоридаги каби салбий ҳолатлар, қонунбузишларнинг олдини олади. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, адвокат далиллар тўплаб терговчига ишга қўшиш ёки текшириш учун беради, аммо терговчи буни текширмайди. Боиси, у далилларни айблов нуқтаи назаридан баҳолайди.

Илғор хорижий тажрибага кўра ҳимоячи томонидан берилган шикоятга мувофиқ, шу вазиятда тергов судьяси ишга киришади ва далилларни текшириш мажбуриятини лозим бўлса терговчига юклайди ҳамда бу жараённи назорат этади.

Умуман олганда, тергов судьяси айблов томони билан оқловчининг ўртасида ҳакамлик қилади десак, тўғри бўлади. Бу институт одил судловни амалга оширувчи судьяларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бир қатор органлар — терговга қадар текширув, суриштирув, тергов идоралари ва прокурорга боғлиқлигига барҳам беради.

Одил судловни амалга оширувчи, яъни жиноят ишини кўриб чиқувчи судьядан тергов вақтида санкцияларга рухсат бериш каби ваколатларнинг олиниши у томонидан жиноят ишини объектив, холисона кўриб чиқилишини таъминлайди. Чунки судьянинг иш ҳажми камаяди, бунинг иш сифатида таъсири катта.

Умуман олганда, дастлабки терговда тергов судьяси адолат тарозисининг палласини тўғри ушлаши керак бўлади. Чунки бу жараёнда иккита қарама-қарши қутблар бир-бирига қарши туради. Ҳимоя позициясини ортиқча кучайтириш жиноят содир этган айбдор шахснинг муқаррар жавобгарликдан қутулиб қолишига имкон яратса, терговни кучайтириш, гумонланувчи ёки айбланувчи мисолида инсон ҳуқуқларининг поймол бўлишига олиб келади.

Хорижда бу тизим қандай ишлайди?

Тергов жараёнида барча субъектларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суриштирув ёки тергов органи ва ҳимоячининг ваколат ва вазифаларини тенглаштирган ҳолда инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга эришиш мумкинлиги илғор ғарб давлатлари мисолида намоён бўлмоқда.

Хусусан, хорижий давлатлар амалиётига кўра, жумладан, Францияда тергов устидан назорат тергов судьясининг вазифаси ҳисобланади. Худди шу амалиётни Германия, Бельгия, Австрия ва бошқа етакчи ғарб давлатларида ҳам кўриш мумкин.

Судьянинг дастлабки терговда тўлиқ иштирок этиши терговга халақит бериши мумкин ва хориж тажрибасига кўра, фақат инсоннинг конституциявий ҳуқуқларини чеклашда ёки уларни бузилгани ҳақида шикоят бўлганда тергов судьяси ўзининг фаолиятини олиб боради.

Жиноят содир этган шахснинг ушланиши билан судга олиб борилиши ҳақида 1966 йил 16 декабрдаги “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”нинг 9-моддасида “Жиноий айблов бўйича ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган ҳар бир шахс зудлик билан судья ёки қонун бўйича суд ҳокимиятини амалга ошириш ҳуқуқи бўлган бошқа мансабдор шахс ҳузурига келтирилади ва оқилона муддатда суд муҳокамаси ўтказилиши ёки озод қилиб юборилиши ҳуқуқига эга. Суд муҳокамасини кутаётган шахсларнинг қамоқда сақланиши умумий қоида бўлмаслиги керак, бироқ озод қилиш судга келиш кафолатлари берилишига, суд муҳокамасига унинг ҳар қандай босқичига келишга, зарур ҳолларда, ҳукм ижро этилиши учун келишга боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин. Ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақлаб турилиши туфайли озодликдан маҳрум этилган ҳар бир шахс ўз ишининг судда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга, токи суд унинг ушлаб турилиши қанчалик қонуний эканлиги борасида дарҳол қарор чиқара олсин ва агар уни ушлаб туриш ноқонуний бўлса озод қилиш ҳақида фармойиш бера олсин”, деб баён этилган.

Тергов судьяларининг вужудга келиши ҳақидаги тарихий маълумотларни кўрсак, бу институт Францияда 14-15 асрларда пайдо бўлгани ва Наполеон ҳукмронлигидаги Франциянинг 1808 йилдаги жиноят процессуал кодексида қонун билан мустаҳкамланганини кўриш мумкин.

МДҲдаги айрим давлатларда ҳам ушбу институт бир неча йилдан буён амалда. Жумладан, қўшни Қозоғистон Республикасида ҳам тергов судьялари 2015 йил 1 январдан буён фаолият олиб бормоқда ва бугунги кунда ушбу амалиёт анча ижобий натижа берганини таъкидлаш лозим.
Шу ўринда айрим хорижий давлатларнинг жиноят процессуал қонунларида тергов судьяларига бериладиган ваколатларни ўрганиб чиқиб, қонунчиликка самарали таклифлар бериш лозим. Чунки 2025 йил 1 январдан Республикамиз суд-ҳуқуқ тизимида ушбу институтнинг жорий этилишини эътиборга олсак, ижобий хорижий амалиётларни миллий қонунчиликка жорий этиш имконияти мавжуд.

Тергов судьясининг бўлиши бугунги кундаги давлатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги энг катта муаммо, яъни терговнинг сифатини ошишига, далилларнинг тўлиқ ва объектив тўпланишига, терговда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олишга, умуман олганда терговни профессионал олиб боришга катта ёрдам беради. Чунки айнан дастлабки терговнинг сифатли ўтказилиши одил судловни амалга оширишда катта ва асосий роль ўйнайди. Жумладан, айрим давлатларда тергов судьяси томонларнинг илтимосига мувофиқ, дастлабки тергов жараёнидаги сўроқларда кузатувчи тариқасида иштирок этиши мумкин.

Аксарият кўп давлатлар қонунчилигига кўра, тергов судьяси ўзи мустақил тарзда жиноят иши қўзғатмайди, аммо у судья ва ҳам терговчининг айрим ваколатларини ўзида жамлаган. Баъзи давлатларда тергов судьялари, юқорида айтилганидек, тергов ҳаракатларини жумладан, томонларнинг илтимосига мувофиқ тарафларни сўроқ қилиш, уларни юзлаштириш, кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш, экспертизалар тайинлаш каби ваколатларга ҳам эга.

Энг асосийси, тергов судьялари жиноят содир этган шахсларни, айбдорларни ахтармайди, уларнинг жиноятини фош этмайди, улар фақат дастлабки терговда ёки суриштирувда қонунларни тўғри қўлланиши ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигини назорат қилади ва уни таъминлайди.

Айрим хорижий давлатларда тергов судьяси тўпланган далилларни ўрганиб чиқиб, жиноят иши қўзғатишга ҳам рухсат бериш амалиёти мавжуд. Буюк Британияда эса тергов судьяси дастлабки тергов якунлангач, жиноят ишини ўрганиб, далилларни текшириб, сўнг ишни Қироллик судига муҳокама этиш учун юборишга рухсат бериш ваколатига эга.

Бельгия суд-ҳуқуқ амалиётида тергов судьяси ишни тўлиқ тергов қилиши, барча процессуал чораларни қўллаши ва гумонланувчини ушлашга кўрсатма бериши мумкин, умуман бу тизимда тергов судьяси функцияси терговчининг вазифалари билан деярли аралашиб кетган.

Баъзи давлатларда тергов судьялари тез бузиладиган ашёвий далилларнинг тақдирини ҳам ҳал этади, кўрсатувларни илгаридан мустаҳкамлайди (депонироват қилади), тергов ёки суриштирув жараёнларида белгиланган тартибни бузган шахсларни қонунга мувофиқ маъмурий жазога тортади.

Хулоса ўрнида…

 Юртимизда жорий этилиши кутилаётган тергов судьяларига шахсларни қамоққа олишга, процессуал мажбурлов чораларига рухсат беришда иш ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиш, шахснинг айбсиз ёки айбдорлигини муҳокама қилиш, айбловни ўзгартириш ёки бекор қилиш сингари кўрсатмалар бериш ваколати орқали бу судьяларнинг масъулиятини ошириш лозим. Юқоридагилар тергов судьяларининг мустақиллигини таъминлаш ва энг асосийси дастлабки терговда холис ва объективликни таъминлашда катта роль ўйнайди.

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси

Related Articles

Back to top button