“ЭР ВА ХОТИННИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКИНИ БЎЛИШ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ”
Жавоб. Умумий мол-мулкни бўлиш эр ва хотиннинг даъвоси бўйича никоҳ давомида, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш билан бир вақтда, шунингдек никоҳ бекор бўлгандан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.
Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, улардан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақли.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга оид низоларни тўғри ҳал қилиш учун судлар, биринчи навбатда, уларнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлган мол-мулкнинг қайси бири қонунга кўра эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ва қайси бири ҳар бирининг ўз мулки эканлигини аниқлашлари зарур.
Эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки таркиби Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 23-моддасига мувофиқ аниқланади.
Мол-мулкни умумий биргаликдаги мулк деб топиш масаласини ҳал қилишда мол-мулк эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилганлиги ёхуд пул маблағлари қайси бири томонидан киритилганлиги аҳамият касб этмайди.
Эр ва хотиннинг ёзма келишуви асосида алимент мажбуриятларини бажариш юзасидан улардан бирининг номига олинган мол-мулк эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланмайди.
Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида бепул олган мол-мулки, шунингдек никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган эр ва хотиннинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади ва бўлинмайди. Никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган қимматбаҳо буюмлар ва зеб-зийнатлар бундан мустасно (ОК 25, 26-моддалари).
ОК 27-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларига кўра, вояга етмаган болалар эҳтиёжи учун олинган нарсалар (кийим-кечак, оёқ кийим, мактаб ва спорт анжомлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар), шунингдек эр-хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан вояга етмаган болалари номига қўйилган омонатлар ҳам болаларга тегишли ҳисобланиб, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳисобга олинмайди ҳамда мазкур мол-мулклар болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.
Агар эр-хотин никоҳдан ажратилгунга қадар оилавий муносабатларни тугатган, яъни алоҳида яшаган ва ўз маблағларидан алоҳида фойдаланган, умумий маблағлари ҳисобига мол-мулк олмаган бўлсалар, суд ОК 27-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, эр ёки хотиннинг бири томонидан оилавий муносабатлар тугатилган даврда орттирилган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши ва фақат эр-хотин томонидан оилавий муносабатлар тугатилган вақтга қадар орттирилган мол-мулкни бўлиши мумкин. Оилавий муносабатлар тугатилгандан кейин орттирилган мол-мулкни эр ёки хотиннинг ўз мулки деб топиш тўғрисида қарши даъво берилиши шарт эмас.
Никоҳ даврида эр ёки хотиндан ҳар бирига тегишли бўлган мол-мулкнинг қиймати анча ошган бўлса, ушбу мол-мулк манфаатдор эр ёки хотиннинг талаби бўйича суд томонидан биргаликдаги мулк деб топилиши мумкин. Бундай талабни ҳал этишда мол-мулкнинг қиймати қандай маблағлар, яъни умумий мол-мулк, эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига анча ошганлиги, шунингдек мол-мулкнинг никоҳга қадар ва никоҳ даврида маблағ қўшилгандан кейинги ҳолати аниқланиши лозим (ОК 25-моддасининг иккинчи қисми).
ОК 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаблар учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддасининг биринчи қисми).
Сурхондарё вилоят суди судьяси С.Х.Рахимов