Конституциямиздаги жамиятнинг иқтисодий негизлари мазмун моҳияти
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган бўлиб, унда инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари юзасидан қатор нормалар мавжуд.
Шундай нормалардан бири Конституциямизнинг “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” деб номланган 12-бобида ҳам акс этган.
Хусусан, ушбу бобдаги 65-моддада, “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас” деб белгилаб қўйилган бўлиб, бу қоида мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатини белгилаб беради.
Бундан ташқари, ушбу бобдаги 66-моддада, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак” деб белгиланган бўлиб, ушбу модда атроф-муҳитга, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузилишидан ҳимоя қилади.
Бундан ташқари, ушбу бобдаги 67,68-моддаларда ҳам жамият иқтисодий негизлари юзасидан ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича кафолатлар, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик эканлиги ва улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги, улар давлат муҳофазасида эканлиги каби муҳим қоидалар мужассамлашган.
Хулоса шуки, Конституциямиздаги юқоридаги нормалар инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси