Маданият

Халқаро ҳуқуқда «давлат чегаралари» тушунчаси

Давлат чегараси деганда, унинг юзаси бўйлаб ўтказилган ва давлат ҳудуди сарҳадларини, яъни ҳудудий юрисдикция маконини белгилаб берган, юридик жиҳатдан асосланган шартли чизиқ тушунилади.

Чегарани доимо давлатнинг ўзи ўрнатади, аммо фақат шартнома шаклидаги халқаро битим ёки бошқа давлатларнинг сукут сақлаш кўринишидаги тан олиши билан тасдиқланган чегара чизиғигина қонуний деб эътироф этилади.

Чегара чизиқлари шартномада ёки давлатнинг қонун ҳужжатида батафсил баён этилади ва харитада чизилади. Бу босқич делимитация деб аталади. Кейин чегара жойнинг ўзида белгиланади, чегарага оид белгилар ўрнатилади, тегишли ҳужжатлар тайёрланади. Бу чегаралар демаркацияси босқичидир. Давлатлар амалиётида, шунингдек, редемаркация босқичи ҳам маълумки, у илгари ўрнатилган чегараларнинг тикланиши ёки янгиланишини англатади. Баъзан редемаркация чегараларни халқаро ҳуқуқнинг умумий нормаларига мувофиқлаштирган ҳолда, ҳудудларни ўзаро алмашиш, уларни бошқа томонга топшириш билан ҳам боғлиқ бўлади.

Халқаро ҳуқуқда чегараларни делимитация қилишнинг бир қанча усуллари қайд этилган. Хусусан, қуруқлик чегараларини аҳамиятли нуқталар, рельеф чизиқлари ёки равшан кўриниб турадиган мўлжаллар бўйлаб ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Бунга мисол сифатида дарёлар, тоғлар ва ҳоказоларни кўрсатиш мумкин. Бундай чегаралар аниқ-равшан фарқланиб туради ва камроқ тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Улар табиий чегаралар деб аталади.

Шунингдек, астрономик чегаралар ҳам борки, улар жўғрофий тўрнинг меридиан ва параллел чизиқлари орқали ўтган бўлади. Масалан, Филиппин ва Мальдив оролларининг чегаралари худди шу тахлит ўрнатилган. Африкадаги мустамлака ҳудудлар сарҳадларини белгилашда ҳам бундай чегаралар кенг қўлланилган.

Сув чегаралари дарёлар бўйлаб қуйидаги тартибда: кема қатнайдиган дарёларда — бош фарватер ўртаси бўйлаб ёки тальвега бўйлаб (дарёнинг энг чуқур жойи орқали); кема қатнамайдиган дарёларда ёки оддий ирмоқларда — уларнинг ўртаси бўйлаб; бир неча шохобчали дарёларда — бош шохобча ўртаси бўйлаб ўрнатилади. Кўллар ва бошқа сув ҳавзаларида давлат чегараси қуруқликдаги чегараларнинг сувга чиқиш нуқталарини тўғри чизиқ орқали бир-бирига боғлаш билан ўрнатилади. Дарё, кўл ёки бошқа сув ҳавзалари бўйлаб ўтадиган чегара қирғоқ қиёфасида ёхуд сув сатҳида ўзгаришлар юз берган ҳамда дарё оқими ўзгарган ҳолларда кўчирилмайди.

Сув омбори ёки бошқа сунъий сув ҳавзаси барпо этилганидан кейин сув босган жойлар бўйлаб илгари ўтган чегара худди ўша жойларда сақланиб қолади. У қуруқликдан сув чегарасига ўзгаради, холос. Кўприклар ва тўғонлар бўйлаб чегара, сув чегараси чизиғидан қатъи назар, мазкур иншоотларнинг ўртасидан ўтади.

Давлатларнинг ҳудудий юрисдикциясидаги денгиз майдонлари, айниқса ягона иқтисодий ҳудуд ёки континентал шельф каби кенг майдонлар бўйлаб ёнлама чегара чизиғи ўтказишда муайян қийинчиликлар юзага келиши табиий. Халқаро ҳуқуқда кодификацияланган одат нормаларига мувофиқ, бундай чегаралашлар чоғида адолат принципи катта аҳамият касб этади. Бундай чегаралашнинг техник усулига кўра, агар давлатларнинг қирғоқ бўйи ҳудудлари бир-бирига қарама-қарши ётган бўлса-оралиқ чизиқ ва агар давлатларнинг қирғоқ бўйи ҳудудлари бир-бирига тақалган, чегарадош бўлса — тенг турувчи чизиқлар ўтказилади.

Чегараларга тааллуқли халқаро ҳуқуқда барқарорлик тенденцияси намоёндир:

биринчидан, чегаралар тўғрисидаги шартномага нисбатан шартнома тузилган шарт-шароитнинг тубдан ўзгаргани тўғрисидаги изоҳни шартномани тўхтатиш учун асос сифатида қўллаб бўлмайди (Халқаро шартномалар бўйича Вена конвенцияси 62-моддасининг 2-банди). Демак, шарт-шароит ўзгарганини сабаб қилиб, чегараларни бир томонлама тартибда ўзгартириш мумкин эмас; иккинчидан, халқаро ҳуқуқда ҳуқуқий ворислик бўйича амал қилиш принципи одат тусига кирган. Унга кўра, ворис давлат унга аввалги давлатдан ўзига ўтган ҳудуд чегараларини тан олиши зарур. Бу принцип илк бор XX асрда Лотин Америкасида амалиётга киритилган эди.

ХХ асрда ушбу принципни Африканинг мустамлакачилик зулмидан озод бўлган бир қанча давлатлари ўртасидаги чегара низоларини ҳал этишда БМТ Халқаро суди кенг қўллаган.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ж.Х.Примов

Related Articles

Back to top button