Ўзбекистон

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишга қаратилган қонун депутатлар томонидан қабул қилинган

Хабарда айтилишича, жорий йил 9 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилиниб, иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш, кўчмас мулк объектларини тўлиқ давлат рўйхатига олинишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида мазкур Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиблари белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада фуқаролар томонидан ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий (прописка, моддий ёрдам, мактаб, боғча) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон беради.

Related Articles

Back to top button