Ўзбекистон

Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди

Давлатимиз раҳбари бундан буён йиғилишлар ҳар бир соҳа корхоналари вакиллари билан учрашув тарзида, уларни қийнаётган масалаларга ечимлари билан ўтказилишини таъкидлади.

Ўтган йили 23 миллион тонна
мева-сабзавот етиштирилди, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисоб-китобга кўра, бунча маҳсулотни ўзидан 5 миллиард долларлик экспорт қилса бўлади.

Лекин иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги комплекслари мутасаддилари ва ҳокимлар ишни тўғри ташкил қила олмагани, экспортчилар муаммосини ҳал қилмагани учун экспорт 2 миллиард доллардан ошмагани қайд этилди.

Йиғилишга энг фаол 100 дан зиёд экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф қилинган.

Президент топшириғига мувофиқ, уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларга “соҳа учун яна қандай шароит керак, жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш учун нималар зарур” деган саволларга биргаликда жавоб топишни таклиф қилди.

Президентимиз соҳадаги муаммоларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, ўтган бир йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорларга чиқилди, маҳсулотларимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди.

Лекин, экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорига тўғри келаяпти. Яъни, қишлоқ хўжалиги экспортини асосий қисмини “килосига 1 доллардан паст нархда бўлган бозорлар” ташкил қилмоқда.

Ўтган йили 52 та мамлакатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси 12 та давлатга килограмми 1 доллардан кам нархда сотилган.

Энг харидоргир маҳсулотларимиз бўлган гилос, шафтоли, хурмо, ўрик, олча, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия, мош экспортида ҳам шу аҳвол.

Энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотнинг улуши жами мева-сабзавот экспортида 60 фоизни ташкил қилади.

Ўрганишлар давомида тадбиркорлар қайд этганидек, таннарх баландлиги, айрим “уддабуронлар” даромад ортидан қувиб, қадоқлашда сифатсиз маҳсулот қўшиб юбораётгани оқибатида ташқи бозорда Ўзбекистон маҳсулоти нуфузига путур етмоқда.

Ёки, 1 мингта экспортчи корхонанинг кўп миллион долларлик муддати ўтган дебитор қарздорлиги бор. Жумладан, 33 та туманда экспортдан дебитор қарздорлик қолган ҳудудлардан анча юқори.

Йиғилишда 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди.

Масалан, 16 та туман умуман мева-сабзавот экспорт қилмаган. Ёки, пахта экмайдиган 28 та туманда экспорт кўрсаткичлари қониқарсиз. Ушбу туманларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва сотиш бўйича экспортчилар ҳамда деҳқонлар ўртасида кооперация тизимли йўлга қўйилмаган.

Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортига беэътибор бўлган туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги ва экспорт бўйича ўринбосарларига қатъий эътироз билдирилди.

Бу йил ҳудудий дастурлар доирасида республика бўйича озиқ-овқат йўналишида 833 миллион долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Лекин, 14 та туманда озиқ-овқат бўйича бирорта лойиҳа йўқлиги танқид қилинди.

Related Articles

Back to top button