ТЕРМИЗ ШАҲРИДАГИ ЧИҚИНДИХОНА БОЛАЛАР БОҒЧАСИ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ ВА БЕМОРЛАР ҲАЁТИГА ХАВФ ТУҒДИРМОҚДА, МАСЪУЛЛАР ЭСА ЖИММ….
«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун чиққанига ҳам 22 йил бўлибди. Ушбу қонун билан чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, йўқ қилиш тартиби ва шу ишга бевосита масъул шахсларнинг ваколатлари белгиланган. Орадан 22 йил ўтибди, ушу қонунга асосан қўйилган талаблар ҳалигача ўлда-жўлда бажарилмоқда. Бунга вилоятимизда ҳам жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Термиз шаҳри «5-микорайон» деб аталувчи кўп қаватлар уйлар ёнида фаолият юритаётган «Улыбка» мактабгача таълим ташкилоти яъни болалар боғчаси, «Доктор А» хусусий клиникаси (юз ўринга яқин стационар тартибда даволаниш бўлими мавжуд), бир қанча дўконлар, кўнгил очар клублар мавжуд бўлган жойда чиқинди тўплаш пункти мавжуд экан.
Қонунга кўра тўпланган чиқиндилар зарарсизлантирилиши ва олиб чиқиб кетилиши лозим. Аммо бу ердаги чиқиндиларни тўплаш жойи шунчалик тартибсизки кўриб ачиниб кетасан киши.
Чиқиндиларни ташлаб кетмоқчи бўлган аёл биз билан суҳбатда чиқиндихонанинг аҳволидан нолиди: «Мана шу чиқиндихона болалар боғчаси ва клиника билан ёнма-ён жойлашган, боғчада тарбияланувчи болаларнинг ҳам, клиникага шифо излаб келган беморларнинг ҳам, шу атрофда яшовчи аҳолининг ҳам соғлигига хавф туғдирмоқда. Чиқиндихонанинг ёнига ўтишнинг имкони йўқ. Ана, ҳамма тарф лой бўлиб турибди. Шунинг учун мен каби чиқинди ташловчилар махсус қутиларга ташлай олмасдан кўчага ташлаб кетамиз. Ахир қутининг ёнига ўтишнинг имкони йўқ-ку! Бу чиқиндихона ёзда зарарли, касаллик тарқатувчи ҳашаротларнинг маконига айланади, чиқиндилардан чиқадиган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Боғчадаги болаларимиз ҳам, шу атрофда яшовчи аҳоли ҳам, клиникадаги беморлар ҳам қаттиқ азият чекадилар.»-деди.
Чиқиндихона атрофи ёғингарчилик туфайли ботқоқликка айланган. Чиқинди чиқарувчилар чиқиндиларини йўл четига ташлаб кетишмоқдалар.
Шу ердаги йўлнинг четидан қувур ўтказилган чоғи, йўл четида чўкишлар пайдо бўлиб шу йўлдан ўтувчи тарнспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ҳаракатларига хавфли бўлиб қолган. Биз келганимизда йўл четидаги чўккан жойларга тупроқ тўкаётган юк машинасининг ғилдираги йўлнинг чўккан жойига тушиб кетган экан.
Чиқиндихонанинг санитания-гигиена талабларига риоя қинишини шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг шаҳардаги инспекторлари томонидан назорат қилиниши лозим эди.
Юқорида номлари келтирилган ташкилотлардан ташқари чиқиндихона жойлашган ҳудуд МФЙ раиси ва фаоллари, Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳам аҳоли ҳаётига хавф туғдираётган чиқиндихонаги аянчли ҳолатни ўрганиб, чиқиндихонанинг бир неча ўнлаб болалар тарбияланаётган Мактабгача таълим ташкилоти ва салкам юзга яқин беморлар даволанаётган клиника билан ёнма-ён жоштирилганини инобатга олиниб, чиқиндихона бошқа жойга кўчирилиб, ўрни мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилиб ободонлаштирилса, шу яқин атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ва боғча болалари, ҳамда беморларнинг ҳаётига хавф туғдираётган салбий ҳолатлар бартараф этиларди.
Биз ушбу ҳолат юзасидан ваколатли органлар томонидан тегишли чоралар кўрилиб расмий жавоб берилишини кутамиз.
ЗАЙНИДДИН