Касбим-фахрим

Энг одил ҳукм-виждон ҳукми

Дунёда шундай касблар борки, улар инсондан катта фидойилик талаб этади. Чунки бундай касиб эгаларининг фаолияти инсон тақдири билан боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг меҳнати жамият муҳитнинг соф ва адолатли бўлишини таъминлайди.Бу албатта, судьялик касбидир. Агар жамиятда адолат устувор бўлмаса, бошқа эзгу амалларнинг биронтаси фойда бермай қолиши мумкин. Адолатни таъминловчи киши эса, шубҳасиз судьядир. Шу боис суьянинг олдига бошқа касбдагиларга нисбатан масъулиятлироқ вазифалар қўйилади. Юксак салоҳият ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлмай туриб, инсон ва жамият тақдирини ҳал қиладиган қарорлар қабул қилувчи суьялик вазифасини талаб даражасида адо этиш қийин. Бу касбни танлаган киши, биринчи навбатда, мазкур ишга ўзининг маънавий жиҳатдан ҳақли ёки ҳақсиз эканлигини ич-ичидан ҳис қилмоғи лозим. Унинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳам суьянинг ўз фаолиятини, бошқа ҳуқуқ соҳаларидан фарқли равишда, жамоатчилик кўз ўнгида, ошкор амалга ошириш ва давлат номидан қарор қабул қилишга боғлиқ эканидир.

Албатта судья ҳам шу жамиятнинг бир аъзоси сифатида, мамлакатда амалда бўлган қонун-қоидаларга бўйсунади, бироқ у ўзининг хатти-ҳаракатлари, қабул қилган қарорлари учун ҳар дамда шахсий масъулиятини ва ўз эътиқоди олдида жавобгарликни хис қилиб туриши шарт. Шундагина унга нисбатан ташқи назорат учун бирор –бир маънода зарурат бўлмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори, ҳукми давлат номидан қабул қилинади. Шу боис бу ишда заррача бўлсин суистеъмолга берилиш мумкин эмас. Судьянинг билими ва салоҳияти амалдаги қонунлар ва ҳал қилинаётган масала бўйича Олий суд Пленуми қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатларни мушоҳада қилиб, тўғри татбиқ қилишда пойдевор бўлиб хизмат қилади. Билимсиз одамнинг адолатни қарор топтириши жуда қийин. Суднинг иш бўйича хулосасини саводли ёзма ифода эта олиш қобилияти эса маълум маънода судьянинг маданий савиясини акс эттирувчи процессуал ҳужжат ҳисобланади.

Ривоят қилишларича, ҳанафий фиқхининг асосчиси, улуғ аллома Имом Аъзам ноҳақ қарор чиқариб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқиб, қозилик вазифасини рад эган эканлар. Билими чексиз бўлган шундай зотки, ўзига шубҳа билан қараган экан, бошқалар ҳам бундан ўзига хулоса чиқариб олиши даркор. Ҳукм чиқариш нақадар маъсулиятли эканлигини ҳар гал суд мажлисини очиб, ишни кўрган ва иш бўйича, айниқса, жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилиш учун маслаҳат уйида қолган ҳар бир судья бутун вужуди билан ҳис қилади, десам янглишмаган бўламан.

Шунингдек, Улуғ немис шоири, файласуф Иоганн Вольфганг Гёте “Ўзи ҳақида ҳукм чиқаришга ўрганмаган киши бошқалар ҳақида ҳукм чиқара олмайди”,-деган экан. Зеро, бошқалар тақдирини ҳал қиладиган кишилар ўз қарорлари ва хатти-ҳаракатлари учун масъулиятини чуқур сеза олиш хусусиятига эга бўлмоқлари лозим.

Бундан ташқари Франциялик файласуф Виктор Гюго “Энг одил ҳукм-виждон ҳукми”-деган эди. Улуғ юнон файласуфи Арасту эса “Виждон олийжаноб инсоннинг одил ҳаками” эканлигини айтган. Яъники, судья қабул қилинган қарори учун аввало ўз виждони олдида хижолат бўлмаслиги лозим.

Оқлов ҳукми-бу одил судловнинг чин маънодаги тантанаси бўлиб, юксак маънавий аҳамиятга молик бўлган ҳуқуқий актдир. Шу билан бирга у ноқонунийлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган тергов органига нисбатан самарали таъсир чораси ҳамдир.

Сурхондарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси:                                                    А.М.Саъдуллоев 

Related Articles

Back to top button