Ўзбекистон

Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди

Ўтган йили Республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва катта илмий-амалий тажрибаси бор ва салоҳиятли кадрлар жамланди.

Марказ ва офисга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим вазирликлари билан биргаликда:

— мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;

— ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.

Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.

Ўтган йили 500 та “тил эгалари” иш бошлагани ўз самарасини бераяпти. Бу амалиётни кенгайтириш учун “тил эгалари”ни барча мактабларга жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилади ва “Касбий таълим устаси” лавозими жорий этилади.

Тадбиркорлар, уста ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб касбий таълимга йўналтирилган машғулотлар ўтказилади, касб тўгараклари ташкил этилади.

Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Уларга солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилади.

Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўқувчиларга малака сертификати берилади.

“Мақсадимиз — мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин”,
— деди Президент.

Related Articles

Back to top button