Касбим-фахрим

Адвокатнинг касб этикаси

Юридик этика ҳуқуқшуноснинг касбий фаолияти хусусиятлари, унинг ахлоқий ва ижтимоий ҳолати фазилатлари билан шартланган.

Касб тури бўйича инсонлар билан иш олиб боришга тўғри келадиган мутахассислар ўқувчилар, талабалар, судланувчилар, гувоҳлар томонидан нафақат муайян белгиланган ролни ижро этувчи сифатида, балки уларнинг истараси иссиқлиги, ижобий ёки салбий инсоний хислатлари бўйича ҳам баҳоланади. Хусусан, ҳуқуқшунос билан суҳбатда бўлган ҳар бир инсон ундан нафақат касбий мажбуриятларини малакали бажаришини, балки иззат-ҳурмат билан муомала қилишни кутади, бу эса ҳуқуқшунос зиммасига одоб нуқтаи назаридан жавобгарлик юклайди, унга шахс сифатида юқори талаблар қўяди. Мана шуни ўзиёқ инсонларнинг касбий мажбуриятларини бажаришини тартибга соладиган ва уларнинг эътиборини ўз-ўзини тарбиялашга ундовчи махсус хулқ-атвор нормаларининг пайдо бўлиш асоси ҳисобланади.

Бу соҳаларда касбий мажбуриятларни муваффақиятли бажарилиши мутахассисларнинг малакаси ва жавобгарлиги, ўз касбий бурчини бенуқсон бажаришга шайлигини фаҳмлаш билан қўшилишини назарда тутади.

Ахлоқ ҳам, ҳуқуқ ҳам муайян тарзда адолат ва лозимлик тўғрисидаги умуминсоний тасаввурларни ифодалайдиган нисбатан барқарор нормалар (қоидалар, йўл-йўриқлар ва бошқа) мажмуи сифатида тушунилади. Бу нормалар умумий характерга эга бўлиб, жамиятнинг барча аъзолари учун бир хилда баравар тааллуқли ҳисобланади. Ҳуқуқ нормалари ёзилганлиги, нашр қилинганлиги, яъни расмий тарзда давлат томонидан эълон қилинганлиги, ахлоқ нормалари эса асосан жамиятнинг ижтимоий онгида мужассам бўлганлигига қарамасдан, ахлоқ ҳам, ҳуқуқ ҳам деярли барча муносабатларни ўз ичига оладиган ёйиқ хулқ қоидалари тизимини ташкил этади.

Одатда, ахлоқ маданияти – бу уч поғонада намоён бўладиган, шахснинг ахлоқий ривожланиши ва етуклигининг сифат тавсифидир.

Биринчидан, бу жамиятнинг ахлоқ ва одоб нормалари талабларини билишда, фаолиятнинг мақсад ва воситаларини онгли даражада асослай олиш имкониятида ифодаланадиган ахлоқий онг маданияти. Бу поғона шахснинг дунёқараши, унинг ахлоқий билимлари ва эътиқодларига боғлиқ.

Иккинчидан, ахлоқ мақсадлари ва воситаларини дилдан қабул қилишни, уларни амалга оширишга кўнгилда тайёрлигини таъминлайдиган ниҳоятда муҳим поғона бу ахлоқ туйғулари маданияти.

Юридик фаолият туридан қатъи назар ҳуқуқшунос касбий ахлоқининг бош принципи адолат ҳисобланади. Ушбу ахлоқий принципсиз ҳуқуқ соҳасидаги фаолият ўз маъносини йўқотади. Шу билан бир қаторда ҳуқуқшунослардан холислик, беғаразлик, мустақиллик, инсон ҳуқуқларига ва айбсизлик презумпциясига риоя этиш талаб этилади.

Юқорида белгилаб ўтилган принциплар ҳуқуқшуноснинг касбий фаолияти тузилишида ниҳоятда муҳим ўрин эгаллайди. Унинг касбий фаолияти моҳиятини ифодалаган ҳолда бу принциплар унинг хулқининг стратегиясини ҳам ташкил этади. Бу принциплар адвокатлик фаолиятида ўзига хос аҳамият касб этади, чунки адвокат ҳар бир малакали юридик ёрдамга муҳтож шахсга уни кўрсатиш мақсадида фаолиятни амалга оширадиган шахс ҳисобланади, яъни бошқа сўзлар билан айтганда инсонларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Императивлиги ҳар бир муайян ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қўлланадиган ижтимоий ахлоқ нормаларидан фарқли равишда юридик этика принциплари – адолат, беғаразлик, холислик, мустақиллик ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш – адвокат учун барча ҳолларда мажбурий бўлган қатъий ахлоқий талабларни ифода этади.

Касб этикаси – бу адвокат касбини бошқа юридик касблар орасидан ажратиб турадиган тушунча. Касбий маҳорат қанчалик юқори бўлса, ахлоқ нормалари ҳам шунчалик юқори бўлади, ва аксинча, ахлоқ нормалари қанча юқори бўлса, касбий маҳорат ҳам шунчалик ошади.

Адвокатнинг касб этикаси ундан сотилмасликни, қонунга содиқликни, ҳамманинг қонун олдида тенглигига риоя этишни талаб қилади. Адвокатура тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган принциплар ҳам айнан шунга қаратилган.

Адвокат касби учун ахлоқ талаблари ўзига хос маънога эга.

Касбий ахлоқнинг моҳиятини тушунишдан адвокатлар этикасини ривожлантириш масалаларини ечиш ҳам чиқиб келади. Адвокатлик этикасининг вазифаси – процессуал нормаларга риоя қилишда ахлоқ асосларининг роли ҳақидаги масалани ўрганиб чиқиш. Судлов ишларини юритиш иштирокчиларининг муносабатларини белгиловчи ахлоқ принциплари, шубҳасиз, шахснинг субъектив ҳуқуқларининг муҳим кафолатидир. Судлов ишларини юритиш инсон учун энг муҳим нарсага тааллуқли – унинг шаъни ва қадр-қиммати, баъзи ҳолларда эса ҳаётига ҳам. Ахлоқ принциплари адвокатнинг касб этикасида бевосита ўз аксини топади.

Юқорида айтиб ўтилганларни ҳисобга олиб, адвокатлик этикаси  бу адвокатлик фаолияти вакилларининг меҳнат фаолияти ва хизматдан ташқари хулқининг ахлоқий характерини таъминловчи юриш-туриш қоидалари мажмуидан иборат касб этикасининг бир тури, деб таъриф бериш мумкин.

Бошқача қилиб айтганда, адвокатлик этикаси адвокатлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларнинг ахлоқ кодексидир.

Агар судьялик этикаси – бу судьялар ва жиноят, фуқаролик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг касбий фаолияти ва хизматдан ташқари хулқининг ахлоқий характерини таъминловчи юриш-туриш қоидалари мажмуи бўлса, адвокатлик этикаси – бу тегишинча адвокатларнинг юриш-туриш қоидалари кодексидир.

Умуман, адвокатлик этикаси адвокатура ходимларининг қарашлари, онгининг тўғри шаклланишига имкон беради, уларни ахлоқ нормаларига оғишмай риоя қилиш, ҳақиқий адолатни таъминлаш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ўз шаъни ва обрўсини сақлашга йўллантиради. Адвокатлик этикаси масаласи олимларнинг ҳам, амалий ҳуқуқшуносларнинг ҳам қизиқиш доираси остида ҳисобланади.

Адвокатлик этикаси – бу олимлар кабинетда ўйлаб топган нарсаси эмас, қадимги муаллифларнинг цитаталари тўплами ҳам эмас, балки адвокатларнинг ўз виждонлари асосида ташкил этилган уларнинг эркин ахлоқий танлаш махсулидир. «Адвокатура назарияси» муаллифлари айтганидек, ҳар бир адвокатнинг виждони бор, лекин ҳар бир адвокат уни эшитишга тайёр эмас. Бу борада этиканинг вазифаси ҳар бир адвокатга унинг виждони овозини етказиш.

Жамиятда адвокат муҳим ва масъулиятли ролни бажариши туфайли у муайян касб ва этика мезонларига жавоб бериши лозим, ва бу мезонлар одатда ҳар қандай муносиб фуқарога қўйиладиган мезонлардан анча юқори: адолатлик ва ҳаққонийлик, мустақиллик, топширилган вазифа учун жавобгарлик ва бошқалар. «Одил судловнинг муҳим иштирокчилари ҳисобланган адвокатлар ўз касбларининг шаъни ва қадр-қимматини тутиб туришлари лозим», — дейилган БМТнинг жиноятларни олдини олиш бўйича Саккизинчи конгрессида 1990 йил августда қабул қилинган «Адвокатлар роли тўғрисида асосий қоидалар»нинг 12 бандида.

Адвокатлик этикаси адвокатлик фаолиятининг ахлоқий жиҳатлари тўғрисидаги илмий асосланган тасаввурлар тизимини ташкил этади.

Шундай қилиб, бизнинг фикримизча, адвокатлик этикасининг аҳамияти шундаки, у адвокатни малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасидаги мажбуриятларини бажаришини таъминлаш, яъни ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг конституциявий ҳуқуқини таъминлаш ушбу мажбуриятларни бажариш вақтида адвокатнинг лозим бўлган хулқ-атворини аниқлаш, инсонпарварлик мазмуни билан тўлдирилган адвокатлик фаолиятига ахлоқий тус бериш ва шу вақтнинг ўзида давлат, жамият ва адвокатура ўртасида боғлаб турувчи бўғин ва баланс вазифаларини бажаради. Адвокатлик этикаси оммавий-ҳуқуқий институт сифатида адвокатурага  нисбатан жамият ва давлат ишончини керакли даражада шакллантириши лозим.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Ж.Убайдуллаев

Related Articles

Back to top button