Ўзбекистон

Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада кучайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларни жорий қилиш мақсадида қабул қилинган.

Фармонга 1-иловада “2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича МИЛЛИЙ ДАСТУР” қабул қилинган.

Миллий дастурнинг мақсади — хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ва билимли қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда, хусусан, давлат бошқарувида уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлашдан иборат.

Миллий дастурни амалга оширишда қуйидаги асосий вазифалар белгилаб олинган:

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

хотин-қизларнинг таълим олишлари учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фан соҳасига кенг жалб этиш;

хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш;

хотин-қизлар орасида тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳамда одам савдоси қурбони бўлиш ҳолатларининг олдини олиш;

жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган, чет элга чиқиб кетган, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳамда хусусий секторда меҳнат қилаётган хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини янада такомиллаштириш;

нуроний онахонларни эъзозлаш, уларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан оилаларни мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбияси, маънавий дунёқарашини юксалтиришда фойдаланиш, шунингдек, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароитларни яратиш;

оила институтини мустаҳкамлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб этиш орқали оилалардаги соғлом ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларда ҳуқуқий маданият ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш чораларини кўриш.

Миллий дастурда хотин-қизларнинг ҳуқуқларига инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлаги сифатида қаралади ҳамда у «Инсон қадри учун» тамойилидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланиши таъкитланган.

Миллий дастурнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши хотин-қизларнинг жамият сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқлар асосида тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши назарда тутилган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят

ишлари бўйича судьяси М.Маликов

Related Articles

Back to top button