Маданият

Болани чет элда назоратсиз қолдириш эндиликда жиноят ҳисобланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолади. (ЎРҚ-823-сон)

Президент 15 март куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун санкциялар ва жазо чораларини белгиловчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кўпи билан 30 кунлик муддат белгиланиб, суд ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс зиммасига болани чет давлатдан Ўзбекистонга қайтариш ёхуд ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклайди.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, болани чет давлатда назоратсиз қолдириш, худди шундай хатти-ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса ёхуд боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўша қилмиш оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, уни содир этган шахс 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ушбу нормалар мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси                                                 М.Хакимов

Related Articles

Back to top button