9 декабрь – халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Коррупция — бу аксарият жамиятларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга путур етказувчи жиддий жиноятдир. Бирор бир мамлакат, бирор бир минтақа, бирор бир жамият коррупциядан иммунитетга эга эмас.
Коррупция порахўрлик, ижтимоий истеъмол учун мўлжалланган товар ва хизматларни ноқонуний ўзлаштириш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик каби кўринишларга эга.
Коррупция тадбиркорликка, фанга, таълимга, соғлиқни сақлашга ва бошқа кўплаб соҳаларга жиддий зарар етказади, мамлакат коррупциялашган тизимда муваффақиятли ривожлана олмайди. Чунки у умумий бойликнинг қисқаришига ёки турғунлигига олиб келади.
Оқибатда, инсонларга тўланиши керак бўлган маблағ воситалари қисқариб, бу аҳоли яшаш шароитларига салбий таъсир қилади. Буларнинг ҳаммаси давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончга путур етишига сабаб бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан 2004 йилдан бошлаб ҳар йили 9 декабрда Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни бутун дунёда нишонланади. Шу куни 2003 йилда Мексиканинг Мерида шаҳрида бўлаб ўтган юқори даражадаги сиёсий конференцияда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси имзолаш учун очиқ деб эълон қилинган.
Коррупцияга қарши конвенция 2005 йил декабрда кучга кирган. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 2008 йилда қўшилган.
Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни жорий қилинишидан асосий мақсад, Бош Ассамблея резолюциясида кўрсатилишича, коррупция муаммосининг олдини олиш ва унга қарши курашишда Конвенциянинг ролини кенгроқ англашдан иборат. Шундан келиб чиқиб, кўпгина мамлакатларда шу куни учрашувлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистон Республикасида давлат фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.
Айнан шу даврдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланди ва бу борада изчил қадамлар қўйилди.
2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд тизим янада такомиллаштирилди.
Хусусан, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.
Давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизими шакллантирила бошланди.
Давлат хизматчилари учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олишга доир бошқа механизмларнинг аниқ рўйхати белгиланди.
Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этилди.
2019 йил 1 сентябрдан ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
2019 йил 1 августдан эксперимент тариқасида дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширила бошланди. 2020 йил 1 апрелдан ушбу лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди.
2019 йил 1 июлдан давлат органлари:
коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, улар ваколатларининг рўйхатини шакллантира бошлади;
идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чорак бўйича мониторингини амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чоралари кўрилмоқда.
Муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилаётир.
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда жамият ва давлатнинг бирламчи умумий мақсадига айланди. Шу муносабат билан халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини нишонлаш юртимиз тараққиёти учун муҳим қадамларни ифодалайдиган кун ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов