Касбим-фахрим

Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳосилдорлик, даромад, иш ўрни ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилиш аввалида дунёдаги зиддиятлар, савдодаги чекловлар ҳамда асосий ҳамкор давлатлардаги девальвация йил бошида белгилаб олинган режаларни ўзгартириб юборгани, бу, айниқса, озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилгани қайд этилди.

Вазиятни жиловлашнинг ягона йўли – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиш орқали экспортни кўпайтириш ҳисобланади.

Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, бутун иқтисодий комплекс соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувларни, ташкилий ва молиявий инструментларни жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилгани қайд этилди.

20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор.

Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.

Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.

Мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришни янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.

Related Articles

Back to top button