Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдоғанга табрик йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг миллий байрами – Республика эълон қилинган куннинг 100 йиллиги муносабати билан Президент Режеп Таййип Эрдоғанга табрик йўллади.
Мактубда халқларимиз ўртасидаги умумий тил, муштарак урф-одатлар, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган кенг қамровли стратегик шериклик алоқалари сўнгги йилларда сифат жиҳатидан юксак босқичга кўтарилиб, муносабатларимиздаги янги тарихий даврни бошлаб бергани катта мамнуният билан таъкидланган.
«Насиб этса, Сиз билан биргаликда халқларимизнинг умумий равнақини таъминлаш йўлида келишиб олган барча йирик лойиҳа ва аниқ дастурларни тўлиқ амалга оширамиз ҳамда кўзлаган улкан марраларимизга албатта эришамиз», — дейилади жумладан қутловда.
Давлатимиз раҳбари Туркия етакчиси ва оила аъзоларига сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги зафарлар, қардош турк халқига эса тинчлик-омонлик, бардавом тараққиёт ва юксалишлар ёр бўлишини тилади.