Ўзбекистон

Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш тартиба Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 121-моддасида кўрсатиб ўтилган, унга кўра вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш уларнинг қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ва (ёки) психолог ёхуд жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин.

Педагогни ва (ёки) психологни сўроқ қилишга жалб этиш вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчи қонуний вакилининг ёки катта ёшдаги яқин қариндошининг, жабрланувчи вакилининг илтимосига биноан ёхуд суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг ташаббусига кўра амалга оширилади. Педагогнинг ва (ёки) психологнинг иштироки жиноят ишини юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан таъминланади.

Жумладан, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этиш учун педагогни ва (ёки) психологни жалб этиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқи сўроқ қилишдан олдин унинг қонуний вакилига ёки катта ёшли яқин қариндошига, жабрланувчи вакилига суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан тушунтирилади.

Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг умумий давом этиш вақти кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда тўрт соатдан ошмаслиги керак.

Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, бироқ суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи шу гувоҳ ва жабрланувчиларга уларнинг процессуал ҳуқуқи ва мажбуриятларини тушунтириш чоғида ҳаққоний кўрсатув бериш ва бу билан жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш маънавий бурч эканлигини эслатиб ўтади.

Бундан ташқари, жинсий эркинликка қарши, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар савдосига оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш, шунингдек бошқа ҳолатларда сўроқ қилиш, агар буни одил судловнинг ёки вояга етмаган шахснинг манфаатлари талаб этса, стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хонада қонуний вакил, педагог ва (ёки) психолог иштирокида ўтказилиши мумкин.

Сўроқни стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарда ўтказиш тартиби суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан белгиланади.

Зарур бўлган ҳолларда, ҳимоячи, вояга етмаган шахснинг қонуний вакили, педагог ёки психолог саволларни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг рухсати билан қайта тузиш ҳуқуқига эга, бунда саволларнинг моҳияти ўзгартирилмайди.

Шунингдек, вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш стенографияси, улар кўрсатувларининг аудио- ва видеоёзувлари ушбу моддага мувофиқ баённомага илова қилинади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг қонун талабларига қатъий риоя қилинган ҳолатда олиб борилади.

 

Вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси                                               

Б.Нормуродов

Related Articles

Back to top button