Ўзбекистон

Мутахассис билан суҳбат: Давлатнинг ташқи қарзи қачон хавотир уйғотиши мумкин?

Давлатнинг ташқи қарзи масаласи кейинги пайтларда кўп гапирилмоқда. Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қилинаётганига гувоҳмиз. Фикр билдираётганлар орасида мутахассислар ҳам, соҳадан узоқ бўлганлар ҳам талайгина.

Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январда 29,2 миллиард долларни ташкил этган. Шундан ташқи қарз 25,9 миллиард доллар, ички қарз 3,3 миллиард долларга тенг. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида маълумот берилган.

Вазирлик ҳисоботига кўра, давлат қарзи миқдори 2017 йилда 11,6 миллиард доллар бўлган ва кўрсаткичларда йилдан-йилга ўсиш кузатилган. Хусусан, 2018 йилда давлат қарзи миқдори 14,9 миллиард долларга, 2019 йилда 17,8 миллиард долларга етган. 2020 йилда 23,4 миллиард долларни, 2021 йилда эса қарз миқдори 26,3 миллиард долларни ташкил этган.

Бу вазиятга ҳар ким ўз билганича, ўз қаричи билан баҳо бериши табиий. Бунинг ортидан асосли ва асоссиз мулоҳазалар, хавотирлар билдирилаётгани рост.

Шундай экан мавзунинг асл моҳиятини очиш, мутахассисларнинг фикрларини жамоатчиликка етказиш ҳар жиҳатдан муҳим саналади.

Мавзу доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Исмоил Саифназаров билан суҳбатлашамиз.

– Сўнгги йилларда давлатнинг ташқи қарзи билан боғлиқ маълумотлар очиқ бериб бориляпти. Бу муҳим. Суҳбатимизни шу жараён ҳақидаги мулоҳазалар билан бошласак.

– Давлатнинг ташқи қарзи мамлакатни ривожлантирувчи омиллардан саналади. Буни жаҳон тажрибасида ҳам кўриш мумкин. Бу мавзуни тушунмасдан нотўғри талқин қилинаётган ҳолатлар ҳам бўляпти. Бунинг нормал ҳолат эканини тушунтиришимиз керак. Чунки жамият, мамлакат бир ўзи, ёпиқ ҳолатда ривожлана олмайди. Маблағ айланади, қарз олади, қарз беради, иқтисодиёт ўсади. Ташқи қарз масаласининг кенг муҳокама қилинишининг сабабларидан бири – жамиятимиз очиқ. Сўз ва фикр эркинлигига эътибор ортмоқда. Барча соҳаларда шаффофлик кузатилмоқда. Ташқи қарз бўйича маълумотлар ҳам очиқ бериб бориляпти. Бир пайтлар бундай маълумотни, ҳатто бюджет параметрлари маълумотларини топиб бўлмасди. Фақат ваколати борлар хизмат доирасида улардан хабардор бўларди. Очиқлик бўлганидан кейин одамлар фикр билдиради-да. Уларнинг орасида мутахассис бўлмаганлар бор, мавзуни чуқур тушунмайдиганлар бор. Биз уларга масаланинг моҳиятини етказишимиз керак.

– Ташқи қарз, жалб қилинаётган инвеститциялар қандай лойиҳаларга йўналтириляпти?

– Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида бу ҳақда аниқ маълумотлар келтирилган. Ўзбекистоннинг 2022 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзидан 33,4 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани кўрсатилган.

Жами қарзларнинг 11,6 фоизи ёки 3 миллиард доллари электр энергетикаси саноатига, 10,9 фоизи энергетика саноатига, 9,8 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,7 фоизи транспорт ва транспорт инфратузилмасига сарфланган.

Шу билан бирга, қарзлардан 8,9 фоизи уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

– Ташқи қарзни олиш осон жараёнми, уни қандай давлатлар олиш имконига эга?

– Кундалик ҳаётимиздан мисол келтираман. Бировга қарз берадиган бўлсангиз ўйлайсиз. Эртага қайтара оладими, йўқми? Яшаш шароити, доимий иш жойи қандайлиги, қўшимча даромади бор-йўқлигига қарайсиз.

Ўзбекистоннинг имижи ошди, иқтисодиёти мустаҳкамланди, маълум бир ишончга эга бўлди. Бу хулосаларни катта-катта рейтинг ташкилотлари, молия муассасалари беряпти. Инвесторлар маблағ киритишдан олдин давлатдаги ҳолатини ўрганади. Бу ердаги қонунчиликнинг тадбиркорлар учун қанчалик қулайлиги, коррупцион ҳолатлар даражаси таҳлили каби параметрларга эътибор қилади. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон танлаган йўл, олиб борилаётган сиёсат халқаро ҳамкорларда қатъий ишонч уйғотди.

Шуни алоҳида таъкидлашим керак, ташқи қарз олинишида биз битта давлат ёки битта молия муассасасига боғланиб қолаётганимиз йўқ. Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Хитой Эксимбанки, Хитой Давлат тараққиёт банки, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

– Ташқи қарз қачон хавотир уйғотиши мумкин?

– Шуни алоҳида таъкидлаш керак, мамлакатимизнинг бугунги кундаги ташқи қарзи меъёрий даражада. Меъёрни эса йирик халқаро молиявий ташкилотлар, муассасалар ва экспертлар эътироф этишмоқда. Ташқи қарз нотўғри сарфланса, ёпиқ лойиҳалар орқали ўзлаштирилса хавотирли бўлади. Муҳими, бизда ҳаммаси шаффоф, узоқ ўйланган, мақсадли лойиҳаларга сарфланмоқда. Шундай экан, беҳуда хавотир ва нотўғри талқинларга асос йўқ.

Давлат қарзининг энг юқори миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Давлат қарзи ҳажми ЯИМнинг 50 фоизига етганда, Вазирлар Маҳкамаси парламентда ушбу стандартдан ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича таклифларни киритади.

– Суҳбатимиз якунида жаҳонда ташқи қарзи энг катта давлатлар, уларнинг иқтисодий ҳолати ҳақида фикрларингизни билдирсангиз.

– АҚШ – ҳар жиҳатдан, хусусан, иқтисодиёти энг ривожланган мамлакат. Унинг ташқи қарзи жуда катта, бу борада жаҳонда етакчи. Бу сафга Япония, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция каби давлатларни қўшиш мумкин.

Умуман олганда, дунё иқтисодиётига оид маълумотлар, статистикасига эътибор қилинса, қарз кўплиги давлатнинг ҳолати танг эканлигини англатмайди. Иқтисодий томондан юқори натижага эришаётган мамлакатлар зарур пайтда қарз олиш имкониятидан самарали фойдаланади.

– Бугунги суҳбат учун сизга раҳмат айтамиз. 

Бу мавзуда ҳали айтилиши керак бўлган фикрлар кўп. Кейинги суҳбатларимизга тегишли вазирлик ва идораларнинг экспертларини ҳам жалб қиламиз.

ЎзА мухбири 

Икром АВВАЛБОЕВ суҳбатлашди.

Related Articles

Back to top button