«Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги ўрни» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ҳамда болаларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу маънода, бугун Узун туманидаги 2 сон касб-ҳунар мактабида Фуқаролик ишлари бӯйича Сариосиё туманлараро судининг судьяси Қ.Х.Туранов, туман девонхона мудири Ё.М.Боборажабов, Узун туман ҳокимлиги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шўбаси мудири С.С.Рахмонов, туман ҳотин-қизлари бўлими бош мутахассис З.Мирзаева ҳамда туман ХПБ бошлиғи У.Юлдашев иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Сўзга чиққанлар хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш борасидаги ишлар хусусида фикрлар билдирилди.
Шунингдек, йиғилишда сўз олганлар томонидан болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида атрофлича маълумотлар берилди.