Ўзбекистон

Президент: мен сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим, деб биламан

Президентимиз яна бир бор мактаб таълими келажагимиз масаласи эканига эътибор қаратди.

“Мана шу имкониятдан фойдаланиб, юртимиздаги барча ўқитувчи ва муаллимларни, ўз мактабини соғинган ва “мен ҳам ўқувчи бўламан!” деб қувончи ичига сиғмай турган фарзандларимизни, уларнинг ота-оналарини яқинлашиб келаётган янги ўқув йили билан чин дилдан табриклайман.

Қадрли ўқитувчи ва муаллимлар, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилмоқчиман.

Азиз устозлар, мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларимизни амалга оширишда мен сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим, деб биламан.

Сизлар бир ҳақиқатни албатта яхши тушунасиз. Яъни, биз мактаб таълимини янада яхшилаш бўйича қабул қилаётган чора-тадбирларимизнинг пировард натижаси аввало сизларга, сизларнинг фидокорона меҳнатингизга боғлиқ.

Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман.

Бугун сизлар таълим-тарбия бераётган, қалбини, онгини эзгулик билан тўлдираётган миллионлаб фарзандларимиз эртага Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлиб бизнинг сафимизга киради.

Ватанимиз, халқимиз сизларнинг бундай олижаноб хизматларингизни ҳеч қачон унутмайди.

Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”, — деди давлатимиз раҳбари.

Related Articles

Back to top button