Ўзбекистон

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР

Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,2 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели назарда тутилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида:

Янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб қуйидагилар белгиланди:

-давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

-янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади;

-янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловагамувофиқ тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси 2-иловагамувофиқ таркибда;

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини изчил амалга ошириш бўйича экспертлик кенгашлари 3-7-иловаларгамувофиқ таркибларда тузилди.

Давлат  комиссияси:

-янги таҳрирдаги Конституция ва дастурни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлайди;

-давлат органлари ва ташкилотлари, экспертлик кенгашларининг янги таҳрирдаги Конституция ва дастурни амалга ошириш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

-янги таҳрирдаги Конституция ва дастурни амалга оширишда кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва хорижий экспертлар иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратади;

-янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш доирасида қилинган ишларни кенгайтирилган тарзда йилига камида икки маротаба танқидий муҳокама қилиб боради ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, экспертлик кенгашлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади.

Суннат Халматов,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси

Related Articles

Back to top button