Касбим-фахрим

Халқ қабулхонаси — фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончли мулоқот платформаси

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришлар замирида юрт тинчлиги, фуқаролар манфаати ва фаровонлигини таъминлаш мақсадлари ётади. Бинобарин, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган Конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган самарали ва барқарор тизим шаклланаётгани ана шу мақсадлар рўёбини таъминламоқда. Буни ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Очиғи, фуқаро манфаатлари тўғри ва муносиб тарзда таъминланишида бу тизим асосий кўприк вазифасини бажармоқда.Фуқароларнинг давлат ва унинг органлари томонидан эътиборга олинмаётган муаммоларини ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда. Шу билан бирга уларнинг иш услублари такомиллашяпти. Эндиликда Халқ қабулхонаси фаолиятида фақат идорада ўтириб фуқароларни қабул қилиш эмас, балки жойларга чиқиб сайёр қабулларни ташкил этиш, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш амалиёти кенг ўрин олаётир. Бу жараёнда ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, жорий май ойига қадар Бухоро вилояти Қоракўл туман Президент виртуал ҳамда Халқ қабулхонасига Қоракўл тумани аҳолиси томонидан келиб тушган мурожаатлар 2633 тани ташкил қилиб, уларнинг 2354 таси (89 %) кўриб чиқилган бўлиб, шулардан моддий ёрдам ва пенсия масалаларида 345 та, ер муносабатлари масалалари бўйича 110 та, бандлик масалаларида 106 та, йўл инфратузилмаси бўйича 97 та, дафтарлар асосида ижтимоий ҳимоя ва ёрдам бўйича 54 та, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўйича 179 та, газ таъминотидаги муаммолар бўйича 61 та, уй-жой билан таъминлаш масалаларида 82 та, алимент ундириш масаласида 81 та, даволаш ва тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 48 та мурожаат келиб тушди. Бу мурожаатларнинг 919 таси ижобий ҳал этилди. Масалан, фуқаро Ў. Имомов оилавий яшаш шароити оғирлиги, уй-жойида ёнғин содир бўлганлиги, уйи авария ҳолга келиб қолганлигини билдириб, мурожаат қилди. Аниқланишича, у тегишли ташкилотлардан шу масалада бир неча бор кўмак сўраган. Аммо нажот бўлмаган. Фуқаронинг мурожаати бу гал Халқ қабулхонаси иштирокида ижобий ҳал этилди.

Ёки бошқа бир мисол: фуқаро У. Бозоров 2 гуруҳ ногиронлиги, вилоят касалхоналарида даволаниш учун ордер олиш мақсадида Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасидан кўп маротаба мурожаат қилган. Аммо бирлашмадаги масъуллар масалага панжа орасидан қараган. Шундан сўнг фуқаро Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Натижада тиббий текширувдан ўтказилиб, унга вилоят клиникаларида даволаниши учун ордер берилди.

Жорий йил давомида жойларда туманда “Сектор сайёр қабуллари”, “Халқ билан очиқ мулоқот” “Муаммо ва ечим” каби мавзуларда 88 та учрашув ва сайёр қабуллар ўтказилди. Бу тадбирлар орқали ҳам аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топилмоқда. Шу ўринда бир – икки далил келтирмоқчимиз: фуқаро А. Қодиров эса яшаш ҳудудидаги симёғочларни таъмирлаш, янгисини ўрнатиш юзасидан мурожаат қилганди. Ўрганишлар натижасида ҳудуддаги трансформатор таъмирланди, яроқсиз аҳволдаги симёғочлар янгисига алмаштирилди. Бошқа бир фуқаро С. Бозоровнинг мурожаати билан маҳалла ички йўллари таъмирланиб, жойида шағаллаштирилди.

Бундан ташқари, 2-сектор раҳбари билан Сайёт МФЙда ўтказилган қабулда М. Тешаева 1988 йилда ўтказилган 10000 кВаттли электр узатиш линияси Қуйи Сайёд кўчасида яшовчи 14 та аҳоли хонадонига ёмғир ва шамолли кунларда ҳамда ёзнинг иссиқ кунларида хавф туғдириши ҳамда бунинг натижасида 2019 йилда бир нафар фуқаро вафот этганлиги сабабли ушбу электр узатиш линияси ўтувчи 14 та бетон симёғоч устунларини бошқа жойга кўчирилиши таъминлаш масаласидаги мурожаати тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда жобий ҳал қилинди.

3-сектор раҳбарининг Янгибозор МФЙда ўтказилган сайёр қабулда биринчи гуруҳ ногирони Ш. Ҳамроеванинг ногиронлик аравачаси олиб берилишини сўраб қилган мурожаатига асосан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан унга ногиронлар аравачаси ажратилиши таъминланди.

Халқ қабулхоналарининг зиммасида катта масъулият турибди. Бу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ишлаш одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари йўлидаги улуғвор ишга қўшилган ҳиссадир.

 

А. ОҚҚИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири

Related Articles

Back to top button