Ўзбекистон

ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ ОЛИЙ ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРНИ КАФОЛАТЛАЙДИ?

Амалдаги Конституциянинг 41-моддасида таълим тўғрисида шундай дейилган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Давлат бепул умумий таълимни кафолатлайди. Мактаб иши давлат назорати остида”.

Кўриб турганингиздек, ҳуқуқий норманинг мазмуни фуқароларнинг таълим олиш, бепул умумий таълим олиш ва мактаб ишларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳуқуқини назарда тутади.

Ҳозирги жадал техник ва технологик тараққиёт, фанлар, назариялар, дунёқарашларнинг жадал ривожланиши шароитида таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнлари узлуксизликни, тизимли, яхлит ёки дифференциал ёндашувни тақоза этади.

Олимлар ва мутахассисларнинг прогнозларига кўра, рақамлашаётган ХХI асрда яқин 10 йил ичида касб ва мутахассисликларнинг 80 фоизи бевосита STEM фанлари ва энг янги технологиялар билан боғлиқ бўлади. Таълим ўз абитуриентларига таълим олишнинг ҳар хил (хусусий, давлат, масофавий, сиртқи, кечки, бюджет, контракт ва б.) турлари ва усулларини таклиф қилиши мумкин бўлган бир шароитда, зарур илмий ресурсларни тўплаш, мамлакатнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун давлатнинг энг ката кўмаги зарур бўлган бир даврда, таълим фаолияти ва жараёнлари конституциявий кафолатларга асосланган ва мукаммал бўлган ҳуқуқий тартиботга муҳтож.

Шунинг учун ҳам Конституциянинг янги таҳририда шахснинг  комил инсон бўлиб етишиши учун зарур бўлган таълим-тарбиянинг барча жараёнлари ва босқичларини қамраб олган ушбу муҳим соҳа фаолиятини Конституциямизнинг 41 моддасига баъзи бир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали янада аниқроқ, янада мукаммалроқ ифодалаш таклиф этилган. Яъни, агар 41-модда таълимнинг барча босқичларини яхлитлигича назарда тутса, таклиф этилаётган таҳрирда шакллантирилган бандлар мактабгача таълим, мактаб таълими, ўқитувчиларнинг ҳар қандай ноқонуний аралашувдан ҳимояланиши кафолатланган ҳуқуқларини қамраб олади ва уни қуйидаги таҳрирда баён этади:

“Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида давлат маблағлари ҳисобидан танлов асосида олий таълим олиш ҳуқуқига эга.

Олий таълим ташкилотлари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

Давлат илм-фан ривожига, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатилишига ёрдам беради» (51-модда).

Маълумки, мамлакатимизнинг барча фуқаролари давлат таълим муассасаларида танлов асосида давлат маблағлари ҳисобидан олий таълим олиш ҳуқуқига эга. Яъни мамлакатимизда барча фуқаролар миллати, ёши, дини ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, олий таълим олишда тенг ҳуқуқларга эга.

Танлов асосида деганда нимани тушунамиз? Барчамиз яхши биламизки, ҳар қандай қабул, хоҳ ўқишга, хоҳ хизмат, хоҳ ишга бўлсин, танлов асосида амалга оширилади. Бизнинг давримизда бу аксиомага айланган, чунки оддий қилиб айтганда, биз «мушукни қопда сотиб олмаймизку». Олий маълумот олиш хохишини билдирган ҳар бир кимса ҳам университетда ўқишга лойиқ бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун сиз маълум миқдордаги билимга эга бўлишингиз керакки, олинган билим даражаси уни синаш, текшириш орқали аниқланади: абитуриентнинг умумий таълим ёки махсус таълим муассасасида олган билим даражаси университет дастури талабларига жавоб берадими ёки йўқми? Синовларнинг қай тарзда ўтиши (тест, имтиҳон, ёзмаиш, сўҳбат) қонунчилигимиздаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланади.

Давлат (ижрочидавлаторгани) давлат ёки бошқа олий ўқув юртларида ўқиш учун маълум бир соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжга қараб квоталар беради ва маълум миқдордаги грантлар (пул имтиёзлари) ажратади. Бироқ, «бюджет талабалари» деб аталадиганлар сони чекланган. Бундай имкониятга аслида синовлар жараёнида максимал балл тўплаганлар эга бўлишлари мумкин. Бунда давлат имтиёзларидан фойдаланиб таълим олган битирувчи бир неча йил давомида ўзи танлаган соҳа (корхона, ташкилот, муассаса)да ишлаб, шу орқали давлатнинг умидларини оқлаб, яхши мутахассисгасбўлган эҳтиёжини қондириши шарт.

Максимал балл тўплаб, нуфузли хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кириш имконига эга бўлганлар ҳам давлат (давлат органи, муассаса) нафақаси бўйича ўқишлари мумкин. 2022-2026-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегиясида “Ел-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олий ўқув юртларига ўқишга юбориладиган ёшлар сонини икки баробарга ошириш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, суҳбат чоғида абитуриент хорижда олган билим ва кўникмалари билан ўз ватанига қайтишига ва мамлакатни ривожлантиришга оид стратегик вазифаларини ҳал этишда фаол иштирок этишига ишонтира олиши керак. Шу усул билан давлат ўзи танлаган касби ва мутахассислиги бўйича имкон қадар кўпроқ билим олишга интилаётган ёшларни келажак жамият тараққиётида иштирок этиш ва давлат қудратини мустаҳкамлашда энг талабгор кадрлар бўлишлари учун рағбатлантиради.

Кейинги банд: “Олий таълим муассасалари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, илмий-тадқиқот ва ўқитиш эркинлигига эга” деганда, энг аввало, демократик давлат қуришга интилаётган Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт йўлидан бораётганлиги назарда тутилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, академик эркинлик илм-фан ривожига, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга, мамлакат илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизматқилади. Бундай ҳолда, ўзи режалаштирган йўналишда муваффақиятли ривожланишдан манфаатдор бўлган давлат, норманинг янги таҳририда таъкидланганидек, «илм-фан ривожига ва жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатилишига кўмаклашади». Зеро дунёда илм-фан интеграциялашган ҳолда, биргаликда ривожланади. Шу билан бирга, ушбу жараёнларни халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлмаган ҳолда ҳуқуқий тартибга солиш, яъни уларни тўғри ташкил этиш, соҳани тўғри йўлга қўйиш тегишли ҳуқуқий база, яъни муайян қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан таъминланади.

Кўриб турганингиздек, 41-моддага кўшимча сифатида таклиф этилаётган юридик нормалар фан ва таълимни тизимли муносабатлар асосида ва ўзаро боғлиқликда ривожлантириш кафолатларини назарда тутади, бу эса Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга эришиш учун улкан, аммо амалга ошириш мумкин бўлган режалари контектида жуда муҳим омилдир.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов

Related Articles

Back to top button