Қумқўрғонда фермер хўжалигининг Электр энергиядан бўлган қарздорлиги учун “COBALT” ва“Tico”автомашиналари хатловга олинди
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан, қарздор «Какайди Пахтакори» ФХ ҳисобидан «Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ фойдасига жами 104 миллион 172 минг сўмқарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди.
Бюронинг туман бўлими томонидан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонуннинг тегишли моддаларига асосан қарздор фермер хўжалигининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкасса топшириқномалари юборилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида фермер хўжалиги раҳбарига тегишли бўлган “Cobalt”ҳамда “Tico”русумли автотранспорт воситалари хатловга олиниб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб келинди ҳамда хатланган мулклар онлайн аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида огоҳлантирилди.
Шундан сўнг, фермер хўжалиги раҳбари автомашиналарини қайтариб олиш учун электр энергиясидан бўлган жами қарздорлигини тўлиқ бартараф этди.
Сирожиддин Бўтаёров,
Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи