Ўзбекистон

МЕҲНАТ НИЗОЛАРИНИНГ СУДДА КЎРИЛИШИ — ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Барчамизга маълумки, 2022 йилнинг 29 октябрь куни янги таҳрирда қабул қилинган 2023 йил 30 апрелда кучга кирадиган Меҳнат кодексида меҳнат муносабатлари тарафларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган нормалар кўпроқ белгиланган бўлиб, ушбу Кодекс ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Мазкур Кодекснинг 34-боби “Меҳнат низоларини кўриб чиқиш” деб номланган бўлиб, унга кўра низо тушунчаси — иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.

Қуйидаги якка тартибдаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилади:

1) агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари бўйича комиссия тузилмаган бўлса;

2) меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ва асослари таърифини ўзгартириш ҳақидаги, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;

3) ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллиги туфайли етказилган зиённинг ўрнини ёхуд ходимнинг мол-мулкига етказилган моддий зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш ҳақидаги;

4) иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги;

5) ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақидаги;

6) иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда олдиндан ҳалэтилган масалалар юзасидан;

7) ходимлар ва иш берувчи жисмоний шахслар ўртасида юзага келадиган;

8) ўзини меҳнат қилиш ва машғулотлар соҳасида камситилишга учраган деб ҳисоблаётган шахсларнинг;

9) ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги.

Шу жойда барчада “ушбу меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун кимлар судларга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли ?” -деган ўринли бир савол туғилади.

Ушбу Кодекс талабига кўра қуйидагилар, яъни: ходим ёки касаба уюшмаси қўмитаси, давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари,  иш берувчи, у меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қароридан норози бўлганда, шунингдек ўзига ходим томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низолар бўйича, қонунчиликда белгиланган тартибда адлия органлари, прокурорлар якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

Шуни назарда тутиш лозимки меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун ушбу Кодексда судга мурожаат қилишнинг муддатлари аниқ белгиланган бўлиб, унга кўра:

ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.

Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.

Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича судга мурожаат этиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврида тўхтатиб турилади.

Бинобарин, хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар талаби асосида янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси айнан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамдамеҳнат низоларини фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилишида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишга ёрдам беради.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси 

Related Articles

Back to top button