Маданият

БОЛАЛАРНИ МУНОСИБ ҲАЁТ ШАРОИТЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАМАСЛИК ОҚИБАТЛАРИ

Болаларни муносиб ҳаёт шароитлари билан таъминлаш ота-онанинг энг муҳим бурчи ҳисобланса-да, бу бурчни барча ота-она ҳам бир хил англамайди, ҳатто баъзи ҳолатларда эса бундан бош тортади. Натижада судларда турди низолар келиб чиқади.

Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши ота-оналарнинг ва болалар ҳуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги масъулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишларига барҳам беради, вояга етмаганлар қонунбузарликларининг олдини олиш чоралардан бири бўлиб ҳисобланади.

Суд амалиётига мурожаат этсак, даъвогар У.М. жавобгарлар С.Ю., Х.Ю. ва З.Р.ларга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда икки нафар фарзандини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраган.

Туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар У.М.нинг даъво талаби рад қилинган ва мазкур фуқаролик иши даъвогарнинг апелляция шикояти асосида судлов ҳайъатида кўрилиб, судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, тарафлар 2010 йил 11 майда қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар 2010 йил 24 августда туғилган Замира ва 2012 йил 7 майда туғилган Зохид исмли фарзандлари бор. Тарафлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли ажрашиб алоҳида-алоҳида яшаб келган.

Даъвогар У.М. 2011 йилда Россия Федерациясига кетиб, 2018 йил август ойида қайтиб келган.

Биринчи инстанция судида психолог иштирокида сўралган вояга етмаган даъвогарнинг Замира ва Зоҳид исмли фарзандлари бобо-бувиси ва онаси билан бирга яшашни хоҳлашлиги, отасига боришни хоҳламаслигини баён этишган.

Васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаларида тарафларнинг турар-жойларида болаларни тарбиялаш учун барча шароитлар етарли эканлиги баён этилиб, ҳар икки тараф ҳам болаларни ўз тарбиясига олиш юзасидан ижобий тавсифланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддасига кўра, Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олиши белгиланган.

Даъво аризада ва апелляция шикоятида жавобгар яъни, турмуш ўртоғи С.Ю. ҳозирги вақтда Россия давлатида эканлиги, қайнонаси фарзандларини унга кўрсатмасдан, оталик меҳридан жудо қилаётганлиги баён этилган.

Бироқ, даъвогар У.М. Россия давлатига кетган вақтида Замира исмли фарзанди ҳали бир ёшга тўлмаган, Зоҳид исмли фарзанди эса ҳали туғилмаган бўлган.

Бу эса, даъвогар У.М.нинг фарзандларининг тарбиясида деярли иштирок этмаганлигини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, даъвогар У.М. Россия давлатидан қайтиб келгач бир йилдан ортиқ вақт давомида фарзандларининг тарбияси билан қизиқмаган ёки фарзандларини ўз тарбиясига олиш ҳақида судга даъво билан мурожаат этмаган. У.М. узоқ вақт мобайнида фарзандлари билан кўришиш учун ҳаракат қилмаган. Шу сабабли вояга етмаган болаларни ҳозирда отасига олиб бериш болаларнинг руҳиятига салбий таъсир этиши мумкин.

Судлар тарафларнинг вояга етмаган фарзандларининг манфаатлари ва хоҳишларини инобатга олиб, болаларни жавобгарларнинг қарамоғида қолдириш ҳақида тўхтамга келган.

Хулоса қилиб айтганда, суд жараёнида боланинг ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлиги, болаларнинг ёши ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлиги, ота-онанинг аҳлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатлари, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар яратиш имкониятини инобатга олишлари муҳим ҳисобланади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси 

Related Articles

Back to top button