Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда энергетика бутун дунёда долзарб масалага айланиб бормоқда. Шу боис салоҳиятли давлатлар унинг муқобил йўлларини изламоқда. Бугун жаҳон энергетикасида “яшил энергетика” улуши қарийб 30 фоизга етган, айрим Европа давлатларида 80-90 фоиздан ошган.
Ўзбекистонда ҳам бу борада фаол иш олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Хусусан, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қуёш электр станциялари ишга туширилди. Бу йил 18 та шундай станциялар барпо этилмоқда. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.
Умуман, энергетика масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва назоратида. Бу соҳада кўплаб лойиҳалар, ҳудудларга ташрифлар чоғида аниқ вазифалар белгиланмоқда.
Ўзбекистон Президентининг шу йил 16 февралдаги қарори билан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича катта дастур қабул қилинди. Жумладан, “Яшил энергия” компанияси ташкил этилиб, унга дастлабки 10 миллион доллар йўналтирилди.
Мазкур дастурга кўра, жорий йилда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 Мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.
Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишларнинг ташкилий ва молиявий жиҳатлари юзасидан ахборот берди.
Хусусан, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 220 Мегаватт, тадбиркорлар томонидан 1 минг 300 Мегаватт ва янги қурилаётган кўп қаватли уйлар томида 15 Мегаватт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши айтилди. Бу борада Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Навоий ва Самарқандда фаол иш бошлаган. Давлатимиз раҳбари жойларда ишларни тўғри ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Йиғилишда энергетиканинг бошқа йўналишларида кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, газ сарфи юқори бўлган ишлаб чиқариш қувватларини кўмирга ўтказиш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, мавжуд углеводород хомашёси конларини ривожлантириш ва янгиларини ўзлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.