Сифатли таълим
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ислоҳотлар охир-оқибат инсоннинг ҳаётини, соғлигини, фаровонлигини таъминлашга қаратилгани ва бунинг замирида албатта таълим ётишини, таълим барча соҳаларнинг пойдеворини яратиб беришини доим таъкидлаб келган.
Ўтган йиллардаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида бу йил ҳам инсон қадр-қиммати биринчи ўринга чиқяпти. Давлатимиз раҳбарининг янги йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи кенг жамоатчилик томонидан қизғин маъқулланди.
Мамлакатимизда юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга илм чўққиларини эгаллашлари, ўзларининг ақл-заковатлари, ижодий имкониятлари ва куч-қувватларини намоён этиши ва ривожлантиришлари учун шароитларнинг янги уфқлари очилди. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган минглаб ёшларга бугун кўпчиликнинг ҳаваси келади. Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш ёшлар учун имкониятлар кўламини янада кенгайтиради.
“Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Шу боис, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз”,-дея таъкидладилар Давлатимиз раҳбари.
Бутун дунёда пандемия инқирози оқибатлари туфайли таълим соҳасида кўплаб муаммоли вазиятлар кузатилаётган мураккаб бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида диққатни тортади. Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллаштирилаётгани бу фикрнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистонда янги Уйғонишдаври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шу улуғвор мақсад йўлида қабул қилинган Тараққиёт стратегияси доирасида 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани жуда муҳим.
Давлатимиз ва жамиятимиз, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу борада олдимизда турган энг асосий вазифалар белгилаб берилди.
Янада муҳими, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланмоқда. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил этилади.
Айни чоғда, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш қамрови кенгайтирилади. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу ўз навбатида, мутлақо янгича тизим – янги замон инженерларини тайёрлаш тизимини яратишга асос бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Тараққиёт стратегияси доирасида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган салмоқли ва кўламдор ишлар бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан далолат беради.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий тенденцияларга мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Бу борада сифатли таълим мамлакатнинг муҳим устувор йўналишларида нбирига айланмоқда.
Шубҳасиз, сифатли таълим янги марраларни эгаллашга олиб келадиган энг қисқа ва оқилона йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳадаги туб ўзгаришлар ўз натижасини ўрта ва узоқ истиқболда кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари “агар, битирувчиларимизни тил биладиган, касбни пухта эгаллаган, креатив фикрлайдиган, Ватанини севадиган ва шу билан бирга замонавий ахборот технологиядан фойдаланадиган қилиб тарбияласак, албатта жамият, бутун Ўзбекистон ўзгаради”, деган асосий ғояни илгари сурдилар. Чунки, маърифатпарвар жадид боболаримиз таъкидлаганларидек, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.
Дунёга буюк олим ва мутафаккирларни берган юртимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида таълим сифатини ошириш ва илм-фан тараққиётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, шубҳасиз, яқин келажакда юксак натижаларни беради.
Сурхондарё вилоят суди
судьяси
Т.Бекпулатов