Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият
Янги Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади — “Инсон қадри учун” ҳамда “Давлат-инсон учун” тамойилларини реал ҳаётимизга жорий этишдир. Бу масалада қонунчиликка киритилаётган янгиликлар, ўзгартириш ва қўшимчалар демократик жараёнларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратмоқда. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир. Конституциямиз ва қонунларимизда белгиланган инсон ҳуқуқларига оид демократик қоида ва нормалар амалда ишлай бошлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 22-июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бусоҳадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда. Мазкур фармон асосида миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича охирги йилларда 13 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойидан озод қилинди. Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди. 2019-йили Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясининг ёпилгани давлатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг янада ёрқин ифодаси бўлди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Мамлакатимиз 2020-йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021-йил 5-июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умум эътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатланиши билан муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари – бу демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 29 январь кунида “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига имзо чекдилар ва бу қарор билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарурлиги белгиланганди.
Мазкур қарордаги маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилиши ҳам инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлигидан далолат беришини англатади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки Инсон ҳуқуқлари — бу бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзига жамлаган кенг қамровли тушунчадир. Инсон ҳуқуқлари — бу ҳозирги тараққиётнинг асоси ва давр талабидир.. Инсон ҳуқуқлари ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезондир. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқда ва миллий ҳуқуқий тизимда муҳим ўрин тутади.
Термиз туманлараро
маъмурий суди судьяси Қ.Х.Туранов