ЖИСМОНИЙ ШАХС БАНКРОТЛИГИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” ги 2022 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-763-сон Қонунининг 14-боби “Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги” бўйича бўлиб, ушбу боб 2023 йилнинг 1 январдан эътиборан кучга кириши назарда тутилган.
Унга кўра, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Қарздор жисмоний шахс банкрот деб топилган ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили бошланган кундан эътиборан:
-тугатиш массасини ташкил этувчи мол-мулкка нисбатан барча ҳуқуқлар, шу жумладан уни тасарруф этишга доир ҳуқуқ жисмоний шахс номидан фақат молиявий бошқарувчи томонидан амалга оширилади;
-тугатиш массасини ташкил этувчи мол-мулкка нисбатан жисмоний шахс томонидан (молиявий бошқарувчининг иштирокисиз) тузилган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Жисмоний шахснинг ўзи (молиявий бошқарувчининг иштирокисиз) шахсан тузган битимлари бўйича кредиторларнинг талаблари тугатиш массаси ҳисобидан қаноатлантирилмайди;
-жисмоний шахснинг мол-мулкига илгари қўйилган тақиқлар ва жисмоний шахснинг мол-мулкини тасарруф этишга доир бошқа чекловлар олиб ташланади;
-неустойкаларни (жарималарни, пеняларни) ва бошқа молиявий санкцияларни, шунингдек жисмоний шахснинг барча мажбуриятлари бўйича фоизларни ҳисоблаш тугатилади, бундан жорий тўловлар мустасно.
-қарздор жисмоний шахснинг мол-мулкка, шу жумладан кўчмас мулкка ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишни ёки бошқа шахс зиммасига юклатишни рўйхатдан ўтказиш фақат молиявий бошқарувчининг аризаси асосида амалга оширилади. Жисмоний шахснинг ушбу санага қадар берилган аризалари ижро этилмайди.
Жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай жисмоний шахс ўзида мавжуд бўлган барча банк карталарини (ПИН-кодни кўрсатган ҳолда) молиявий бошқарувчига топшириши шарт. Улар олинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай молиявий бошқарувчи пул маблағларини қарздор жисмоний шахснинг алоҳида ҳисоб варағига ўтказиш учун ўзи олган банк карталари билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриши шарт.
Кредиторлар талабларининг реестрига киритилган талаблар қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:
-биринчи навбатда — фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарлик бўйича талаблар, шунингдек алиментлар ундиришга доир талаблар;
-иккинчи навбатда — меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар;
-учинчи навбатда — бошқа кредиторларнинг талаблари.
Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин молиявий бошқарувчи судга жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни, жисмоний шахснинг мол-мулки сотилганлигини ва кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини, шунингдек кредиторларнинг қаноатлантирилган талаблари миқдорини кўрсатган ҳолда кредиторларнинг талаблари реестрини тақдим этиши шарт.
Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш якунлари ҳақидаги ҳисоботни кўриб чиқиш натижаларига кўра суд жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини тамомлаш тўғрисида ажрим чиқаради.
Жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин жисмоний шахснинг мол-мулки етарли эмаслигисабабли кредиторларнинг қаноатлантирилмаган талабларини, шу жумладан жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки жисмоний шахсни банкрот деб топишва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили жорий этилаётганда кредиторларнинг билдирилмаган талабларини бажариш мажбуриятидан озод этилади (бундан буён матнда жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этиш деб юритилади).
Жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар:
-тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда жисмоний шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида қасддан тўловга қобилиятсизликни вужудга келтирганлиги ёки тўловга қобилиятсизликни яширганлиги учун ушбу шахсни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати мавжуд бўлса;
-жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигини кўриб чиқаётган судга жисмоний шахс зарур маълумотларни тақдим этмаганлиги ёки била туриб сохта маълумотлар тақдим этганлиги далиллари аниқланган ва бу далиллар жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида қабул қилинган тегишли суд ҳужжати билан тасдиқланган бўлса;
-кредиторнинг ёки тегишли ваколатли органнинг талаблари юзага келган ёки бажарилаётган даврда қарздор жисмоний шахснинг қонунга хилоф ҳаракатлари, шу жумладан фирибгарлик, қарзларни тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлаш, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, шунингдек кредит олаётганда кредиторга била туриб сохта маълумотлар тақдим этиш, мол-мулкни яшириш ёки қасддан йўқ қилиш исботланган бўлса.
Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганлиги ҳақидаги фактни маълум қилмасдан туриб ўз зиммасига кредит шартномалари ва (ёки) қарз шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилишга ҳақли эмас.
Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу жисмоний шахснинг илтимосномасига кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин эмас.
Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили тамомланганидан кейин суд тўлов муддати етиб келган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида билдирилмаган талаблар бўйича ижро варақасини қонунчиликда белгиланган тартибда беради.
Келишув битимини тузиш жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни юритишни тугатиш учун асос бўлади.
Келишув битими суд томонидан тасдиқланади.
Келишув битими тузилган тақдирда жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасининг бажарилиши, шунингдек кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга доир мораторийнинг амал қилиши тугатилади.
Келишув битими тузилганлиги муносабати билан жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни юритиш тугатилганда:
-молиявийбошқарувчинингваколатларитугатилади;
-жисмоний шахс ёки келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахс кредиторлар олдидаги қарзни тўлашга киришади.
Хулоса шуки, ушбу қонун жисмоний шахсларни банкрот, яъни тўловга қобилиятсиз деб топишга хизмат қилмасдан, балки жисмоний шахсларнинг тўлов қобилиятини ҳар томонлама тиклаш имконияти мужассамлигини кўриш мумкин.
Ханжар Хакимов
Шеробод туманлараро иқтисодий суди судьяси