Ўзбекистон

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Қадрли юртдошлар!

Сизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қувончли айёмда ўз ҳаётини она юрт ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азизларга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Ҳеч шубҳасиз, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ бўлиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф билан адо этаётган сизлар каби забардаст фарзандлари – баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан ҳақли равишда фахрланади.

Муҳтарам дўстлар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Дунёда юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини барчамиз албатта чуқур англаймиз.

Айнан шунинг учун ҳам биз 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири этиб белгиладик.

Ушбу стратегия асосида Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини амалга ошириш, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилдик.

Ўтган йили ҳарбий қисмларда илк бор “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақалар бўлиб ўтди. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, ҳарбий анъаналарни янада мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизга муносиб мард ва жасур, билимли ва жисмонан бақувват Ватан ҳимоячиларини тарбиялашда ушбу мусобақалар беқиёс аҳамиятга эга.

Айни вақтда азму шижоатли аскарларимиз халқаро майдонларда ўтказилаётган кўплаб нуфузли ҳарбий мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинлари, “Кембрия патрули” ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради.

Ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатини ташкил этганимиз ҳамда барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Фақат сўнгги бир йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди, салкам 2 минг ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилди, 4 мингдан зиёд ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилди, 1250 нафар ҳарбий пенсионернинг бандлиги таъминланди.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги кунда бутун жаҳонда, жумладан, бизнинг минтақамизда, бевосита чегараларимиз яқинида турли таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда.

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили биздан Қуролли Кучларимизнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни тақозо этмоқда.

Бундай шароитда, аввало, жанговар ҳаракатларнинг самарали шакл ва усулларини тадқиқ ва татбиқ этиш, Қуролли Кучларнинг ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги ишларни жадаллаштиришимиз лозим.

Мамлакатимиз ҳудудларининг оператив жиҳозланишини таъминлаш, ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат органлари барча субъектларининг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тайёргарлик даражасини кучайтириш муҳим вазифадир.

Мудофаа саноатини тизимли ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли автомашиналар комплексини такомиллаштириш ишлари ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, қуйи поғоналардаги бўлинмаларнинг ахборот-психологик таъсирларга бардош бера олиш қобилиятини оширишга қаратилган тайёргарлик ишларини доимий йўлга қўйиш зарур.

Маълумки, биз 2023 йилни мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилдик.

Шу мақсадда ҳарбий қисмларда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини, билим ва малакаси, дунёқарашини юксалтириш, уларнинг касбий ва маданий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига муҳим аҳамият берилади.

Ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, моддий ва тиббий таъминотини яхшилаш, ҳудудларимизда ҳарбийлар учун узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш бундан буён ҳам олдимиздаги муҳим ва устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади.

Бугунги қутлуғ айёмда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр – бирни енгар, онги ва юраги зўр эса – мингни” деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради.

Шу маънода, ҳарбий таълим ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштириш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Ўтган йили узлуксиз ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди.

Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилиниб, келгусида унинг ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айланиши учун мустаҳкам замин яратилди. Эндиликда олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳам янгича ёндашув ва ўқув услублари жорий этилади.

Навқирон авлодимизни бугунги ахборот маконида мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда ёт ва зарарли ғояларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги амалий ишларимиз самарадорлигини оширишимиз зарур.

Табиийки, ушбу вазифаларни бажаришда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” деган тамойилдан келиб чиқиб, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Бугунги шонли айёмда мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги фидокорона хизматларингиз учун барчангизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Сиз, азизларни, сизлар орқали оила аъзоларингизни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли хизмат вазифангизда улкан зафарлар тилайман.

Куч-ғайратингиз, шаъну шарафингиз янада зиёда бўлсин!

Эл-юртимизнинг юксак меҳри ва ишончи сизларга доимо ёр бўлсин!

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Related Articles

Back to top button