Қумқўрғон туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбарини лавозимидан озод этиш бўйича кўрсатмалар берилди
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ёшлар маркази биносида вилоят ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, вилоят ташкилот, идора ва корхоналар раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда йиғилиш баёнларининг “Ijro.gov.uz” идоралараро электрон тизимида бажарилиши ҳамда ижро интизоми масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда йиғилиш баёнларининг ижроси бўйича шу кунга қадар “Ijro.gov.uz” электрон тизимига 9 052 та топшириқлар келиб тушган бўлиб, шундан 7 056 та топшириқ ижроси таъминланган, 1 958 та топшириқ ижрога қаратилган. Жами 32 та, шундан вилоят тўғридан-тўғри ижрочи бўлган 6 та топшириқ ижроси ҳозирги кунга қадар бажарилмаган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрель кунидаги ПФ-122-сонли Фармонида “Сариосиё” чегара божхона постининг «Боботоғ» божхона пунктини ичимлик суви билан таъминлаш 2022 йилнинг 31 декабрь кунига қадар таъминлаш чораларини кўриш белгиланган. Бироқ топшириқ ижроси шу кунга қадар бажарилмаган. Президентнинг Сурхондарё вилоятига 2021 йил 30 июнь кунидаги ташрифи давомида берилган топшириғига кўра, бир ой муддатда Шеробод туманидаги “Хўжаикон туз ғори” негизида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий сиҳатгоҳ ташкил қилиш учун салоҳиятли инвесторни жалб қилиб, 2021 йил якунига қадар фойдаланишга топширилишини таъминлаш вазифаси берилган. Бироқ шу кунга қадар топшириқ ижроси сансанорлик билан бажарилмасдан келмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-144-сонли қарорга мувофиқ 2022 йил якунига қадар вилоятда камида 16 980 гектар, шу жумладан 12 300 гектар пахта ҳомашёси етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғоришни ташкил этиши белгиланган бўлсада, мазкур топшириқ ижроси шу кунга қадар бажарилмаган.
Танқидий ўтган муҳокама йиғилишида топшириқлар ижросини муддатида таъминламаган, ижро интизомини ўз ҳолига ташлаб қўйганлиги, шунингдек, вилоят ҳокимининг жойлардаги ўрганишлари натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган топшириқлар ижросига эътиборсизлик билан қараганлиги учун вилоят ҳокимининг ўринбосарлари А.Хидиров, И.Сапаров, У.Туроповга “хайфсан”, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Ориповга огоҳлантириш берилди. Шунингдек, белгиланган топшириқлар ижросини таъминламаган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва вилоят “Сувоқова” ДУК раҳбарига “хайфсан” интизомий жазоси бериш, Қумқўрғон туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбарини лавозимидан озод этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Кейинги ҳафта ўтказиладиган муҳокама йиғилишида ижро интизомини тўғри йўлга қўймаган барча даражадаги раҳбарлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан кескин чоралар, шунингдек, жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
“Ijro.gov.uz” тизимидаги топшириқлар муддати келишидан 5 кун аввал назорат режаси тизимга бириктирилиб, ижрога қаратилиши, ҳар бир топшириқ муддатидан 3 кун олдин бажарилиб, тизимда назоратдан ечилиши шартлиги белгиланди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати