Ўзбекистон

Президентнинг янги фармони ва қарори билан нималар ўзгаради?

1. Энг аввало, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

— Ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқартирилмоқда. Бунда, 20 та идора тўлиқ тугатилмоқда;

— барча вазирликларнинг штатлари 30 фоизгача қисқартирилади;

— илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бошқаруви идоралари фақат вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциядан иборат бўлади. Бунда, вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоққа кирувчи қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади.

2. Ҳукуматда амалдаги 8 нафар Бош вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилмоқда.

Бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламайди ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармайди.

Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади. Бунда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимидан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда.

Унинг ўрнига Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда.

3. Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ажратилган маблағлар ва умумий штат бирлиги доирасида вазирларга ўз тузилмасини мустақил белгилаш ваколати берилмоқда.

Вазирлар конституциявий мақомидан фойдаланган ҳолда, Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлайдиган тизим жорий этилмоқда. Яъни, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар вазирлар иштирокида муҳокама қилиниб, коллегиал ҳал этилади.

Содда қилиб айтганда, вазирлар:

— янги қарор лойиҳаларини ўзлари ишлаб чиқади;

— қарор лойиҳасининг долзарблиги, ташкилий-молиявий механизмлари ва кутилаётган натижаларини Ҳукумат аъзолари олдида ўзлари ҳимоя қилади.

4. Вазирлик ва идораларнинг функциялари қайта кўриб чиқилиб, бир-бирини такрорлайдиганлари қисқартирилади. Бунда, хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар бир вазирликнинг йил давомида эришиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) белгиланади.

Вазирлар ҳар йил бошида ўзининг ўринбосарлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади.

Худди шу каби, вазирликларнинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари ҳам мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳудудий ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади.

Вазирлар ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг йил якунига қадар ушбу дастурлар ижроси ва мақсадли кўрсаткичларга эришилганлиги юзасидан очиқ ҳисобот бериши белгиланмоқда.

6. Давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, рақамли бошқарув моделига ўтиш мақсадида вазирликларнинг буйруқ ва қарорларини “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

7. Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш харажатларини қисқартириш мақсадида вазирликларда:

— масофавий “онлайн қабул”, “виртуал ташриф“ каби замонавий технологияларга асосланган иш услублари кенгайтирилади;

— энергия сарфи босқичма-босқич, шу жумладан тежамкор технологиялар жорий этиш ҳисобига камайтирилади.

Умуман, фармон ва қарор билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти ва иш тизимини такомиллаштириш бўйича яна бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

Related Articles

Back to top button